Ўзбекистон CMS COP15 доирасида Марказий Осиё сутэмизувчиларини асраш ташаббусини тақдим этди
CMS COP15 доирасида Бразилиянинг Кампу-Гранди шаҳрида Ўзбекистон томонидан “Марказий Осиё сутэмизувчилари ташаббуси: Яйловлар ва чорвачилик халқаро йили доирасида қуруқликдаги сутэмизувчиларни муҳофаза қилишни кучайтириш” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий мақсади Марказий Осиёда кўчиб юрувчи сутэмизувчиларни асраш бўйича минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, Марказий Осиё сутэмизувчилари ташаббуси (CAMI)ни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш ҳамда турлар ва уларнинг яшаш муҳитини асраш бўйича янги ёндашувларни тақдим этишдан иборат бўлди.

Унда мамлакатнинг минтақавий экологик кун тартиби илгари сурилиб, CMS доирасида трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантиришдаги етакчи роли намоён этилди.
CMS ижрочи котиби Аму Франкел ва Ёввойи табиатни муҳофаза қилиш жамияти вице-президенти Сусан Либерман Сами биохилма-хилликни сақлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштирувчи муҳим минтақавий механизм эканини таъкидлади.

Ўзбекистон номидан асосий маърузачи сифатида Зарафшон миллий табиат боғи илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Наталья Мармазинская чиқиш қилди. У ўз нутқида 2026–2032 йилларга мўлжалланган CAMI иш дастурини тақдим этди.
Дастур ҳудудий ёндашувга асосланган бўлиб, устувор трансчегаравий табиатни муҳофаза қилиш ҳудудларини белгилашни назарда тутади.
Тадбирда Ўзбекистоннинг амалий натижаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Бухоро буғусининг популяцияси тиклангани қайд этилди. Унинг сони 2015 йилдаги тахминан 2780 бошдан 2025 йилга келиб 5000 бошдан ошган. Бу эса муҳофаза қилиш, мониторинг ва популяцияни бошқариш бўйича изчил чоралар самарасидир.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистон томонидан йўл-йўл сиртлонни CMSнинг I ва II иловаларига киритиш бўйича қўшма ташаббус тақдим этилди. Мутахассисларга кўра, ушбу турнинг сони 10 минг бошдан кам. Уни сақлаб қолиш учун халқаро ҳамкорлик зарур.
Панель муҳокамаси доирасида халқаро экспертлар яйловлардан барқарор фойдаланиш масалалари ва унинг сайғоқ каби кўчиб юрувчи турларни сақлашга таъсирини муҳокама қилди. Шунингдек, биохилма-хилликни сақлаш соҳасида глобал сиёсатни кучайтириш зарурлиги айтилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА