Муносабат
Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотлардаги ташаббускорлиги ва ташқи сиёсатдаги прагматик қарашлари билан дунё аҳлини ўзига жалб этиб келмоқда. Халқаро таҳлилчилар узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ҳаракатлар, тараққиёт сари қўйилаётган ҳар бир қадамнинг самарасига тўла ишонч билан муносабат билдирмоқда. Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг илғор ғоялари нафақат минтақа, балки бутун башарият учун якдилликни таъминлаши қайд этилмоқда.
Бу борада Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Смита Пант хоним ўз фикрларини билдирди.
–Ҳиндистон Ўзбекистоннинг узоқ йиллик ҳамкори ҳисобланади ва мамлакатингизда амалга оширилаётган ислоҳотларни кузатиб бораяпмиз,– деди Смита Пант хоним. – Давлатингиз фақат иқтисодий тараққиётга эмас, балки минтақавий ҳамкорликка ҳам катта эътибор қаратаётгани бизни қувонтирмоқда. Ҳамкорлик руҳи ва барқарорликка интилиш бор, бу таҳсинга лойиқ. Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Президент Шавкат Мирзиёевни яқин дўст, азиз биродарим, деб билади. Икки раҳбарнинг мақсад ва қарашлари бир бўлса, биз учун келишилган ташаббусларни амалга ошириш ҳам анча осон кечади.

Сўнгги йилларда кўплаб соҳаларда сезиларли натижаларга эришилди. Энг муҳими, таълим соҳаси ва ўзаро алоқалар мустаҳкамланмоқда. Бугун Ўзбекистонда таҳсил олаётган хорижлик талабалар сонига қарасак, энг катта улушни Ҳиндистон талабалари ташкил этмоқда. Ўзбекистонга келаётган ҳинд сайёҳлари сони ҳам ошмоқда. Шу билан бирга савдо ва инвестиция йўналишида ҳам имкониятлар кенгаймоқда, савдо ҳажми ортиб боряпти.
Ўзбекистонда Ҳиндистон инвестициялари ҳам кўпаймоқда. Ҳамкорлигимиз соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларида янада мустаҳкамланмоқда. Шунингдек, икки мамлакат раҳбарлари бизга янги вазифалар қўйди. Сунъий интеллект ва стартаплар соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида келишувларга эришилмоқда.
Ўзбекистон – Марказий Осиёнинг юраги. Аҳоли сони, иқтисодий ўсиш суръатлари жадаллашмоқда. Айниқса, минтақавий масалаларга ёндашув, барқарорлик ва иқлим ўзгаришларига оид ташаббуслар, Афғонистон билан боғлиқ масалаларда олиб борилган саъй-ҳаракатлар, буларнинг барчаси жуда аҳамиятлидир. Ўзбекистон ташқи сиёсати жуда прагматик. Буларнинг барчаси ўсиб бораётган аҳоли, ривожланаётган иқтисод ва глобал қарашларга эга бўлган стратегия билан бирлашиб, юртингизни нафақат минтақада, балки ундан ташқарида ҳам муҳим давлатга айлантирмоқда. Ҳиндистон буни қадрлайди.
Ўзбекистоннинг халқаро платформаларда фаоллиги бизни қувонтиради. Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан муҳим ташаббусларни илгари сураётгани, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг ўрни янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон етакчиси томонидан иқлим ўзгаришлари ва экологик муаммоларни бартараф этишга қаратилган ташаббусларни алоҳида эътироф этиш лозим. “Яшил макон“ лойиҳаси мени ҳам қизиқтириб қўйди. Чунки бу ташаббус келажак авлодни ўйлаб илгари сурилмоқда. Бу авлодлар учун янада яхши ва барқарор маконни қолдириш демакдир.
Икки давлат муносабатларида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга 2018 йили амалга оширган давлат ташрифи тарихий аҳамият касб этган. Кейинчалик Ўзбекистон етакчиси Гужарот штатига ҳам ташриф буюрганди. Бу каби олий даражадаги ташрифларда жуда кўп муҳим қарорлар қабул қилинган. Ҳамкорлик ришталарининг мустаҳкамланишидан ҳар икки томон ҳам бирдек манфаатдор.
Ҳиндистон Ўзбекистон учун 1,4 миллиард аҳолига эга йирик бозор. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бизда талаб катта. Аммо, бу ҳали ҳаммаси эмас, энг муҳим масала – халқларни янада яқинлаштириш. Ўзбекистонга қизиқиш фақат иқтисодий имкониятларга боғлиқ эмас, балки, юракдан юракка, қалбдан қалбгача бўлган маданий яқинликдир. Сизларнинг гўзал маданиятингиз бизни домо ўзига ром этади.
Мустақиллик – ҳар қандай халқ учун энг муҳим қадрият. Фурсатдан фойдаланиб, яқинда нишонланган Ватанингиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан Ҳиндистон халқи ва давлати номидан Ўзбекистон халқига энг самимий табрикларимни билдираман.
ЎзА мухбири
Абдулазиз РУСТАМОВ ёзиб олди.