Ўзбекистон Бош вазири ва Хитой Бош вазири ўртасида учрашув ўтказилди
Бугун, 17 октябрь куни пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида икки ўлка ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар бугун сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидлаб, бунда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ўртасидаги юксак сиёсий ишонч, дўстона ва самимий муносабатлар муҳим ўрин тутаётганини қайд этди.
Шунингдек, ХХРнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни изчил қўллаб-қувватлаб келаётгани юксак баҳоланди.

Ўз навбатида, Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб, ўзаро ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлади. Савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-логистика, энергетика ва юқори технологиялар соҳаларидаги алоқалар тобора кенгайиб бораётганига эътибор қаратди.

Учрашувда икки томонлама иқтисодий ҳамкорликнинг жадал ривожланаётгани алоҳида тилга олинди. Хусусан, сўнгги беш йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми уч баробарга ошиб, 2025 йил якунида қарийб 18 миллиард долларни ташкил этган. Хитойдан Ўзбекистонга жалб қилинаётган тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми эса беш баробарга кўпайиб, 2025 йилда 17 миллиард долларга етган.

Айни пайтда юртимизда Хитой капитали иштирокида 6,5 мингдан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Автомобилсозлик, энергетика, электротехника, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишларда йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Айниқса, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, замонавий саноат корхоналарини ташкил этиш ва рақамли технологияларни жорий қилиш борасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мулоқот чоғида Тошкент шаҳридаги кўчалардан бирига Пекин номи берилиши тўғрисида қарор қабул қилингани ҳам айтилди. Мазкур ташаббус икки халқ ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва ўзаро ҳурматнинг яна бир ифодаси экани қайд этилди.
Анжуман якунида саноат, энергетика, божхона, соғлиқни сақлаш, электрон тижорат, ОАВ каби соҳаларга оид икки томонлама ўзаро меморандумлар имзоланди.
Ўткир АЛИМОВ,
Отабек МИРСОАТОВ (сурат),
ЎзА