Ўзбекистон – Беларусь: ҳудудлараро 14 та ҳужжат имзоланди, 7 та лойиҳага старт берилди
Бу ҳақда Ҳукумат комиссияси ахборот хизмати хабар берди. Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусь Республикасига ташрифи доирасида Минск шаҳрида “Ҳудудларнинг ўзаро кооперацияси – иқтисодий ҳамкорлик драйвери сифатида” мавзусида Ўзбекистон ва Беларусь ҳудудларининг III форуми бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев ва Беларусь Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Юрий Шулейко, шунингдек, икки мамлакатнинг вазирлик ва идоралари, ишбилармон доиралари ҳамда маҳаллий ҳокимият вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон делегацияси таркибида Тошкент, Андижон ва Фарғона вилоятлари ҳокимлари, шунингдек, бошқа ҳудудлар раҳбарлари ўринбосарлари қатнашди.
Анжуманда ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини кенгайтириш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар барқарор ўсиш суръатини намоён этмоқда. Агар бир неча йил аввал ўзаро савдо ҳажми 100 миллион долларга ҳам етмаган бўлса, 2025 йил якунларига кўра бу кўрсаткич 965 миллион долларга етди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Беларусь капитали иштирокида 250 та, Беларусда эса Ўзбекистон капитали иштирокида 110 та қўшма корхона фаолият юритмоқда.
Бугунги кунга қадар Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида 125 та икки томонлама ҳужжат имзоланган. Шунингдек, 2001 йилдан буён Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия фаолият юритади. Айни пайтда мазкур комиссияга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ва Беларусь Республикаси Бош вазири ўринбосари Юрий Шулейко ҳамраислик қилмоқда.
Форум доирасида Ўзбекистон Республикаси билан Беларусь Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни 2026-2030 йилларда ривожлантириш бўйича тадбирлар режаси имзоланди. Ҳужжатда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш, электротехника, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва мебель саноати каби устувор йўналишларда саноат кооперациясини кенгайтириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган.
Таъкидланишича, мазкур режа икки мамлакат вазирликлари, ҳудудлари ва ишбилармон доиралари учун амалий дастур бўлиб хизмат қилади. Айни пайтда кабель маҳсулотлари, тракторлар, дори-дармонлар ишлаб чиқариш, парранда гўштини қайта ишлаш ва карьер техникасини йиғиш бўйича қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Форум якунлари бўйича сармоявий ва савдо келишувлари портфели шакллантирилди. Шунингдек, икки мамлакатнинг алоҳида ҳудудлари ўртасидаги шерикликни янада мустаҳкамлашга қаратилган 14 та ҳудудлараро ҳужжат имзоланди. Бош вазирлар ўринбосарлари даражасида 2026-2027 йилларга мўлжалланган ўзаро ҳудудий ташрифлар жадвали ҳам тасдиқланди.
Ҳудудлар форуми доирасида умумий қиймати 164 миллион долларлик 7 та қўшма лойиҳага старт берилди. Жумладан, Андижон вилоятида трикотаж матосини бўяш ва қуритиш бўйича ишлаб чиқариш мажмуаси, Тошкент вилоятида паррандачилик кластери биринчи босқичи, мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ва шок усулида музлатиш мажмуаси, шунингдек, Фарғона вилоятида меваларни қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилади.
Форум доирасида саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаси, ёғочни қайта ишлаш ва мебель саноати, шунингдек, ижтимоий-гуманитар ҳамкорликка бағишланган соҳавий сессиялар ҳам ташкил этилди. Минскда бўлиб ўтган Ҳудудлар форуми Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма инвестиция ва саноат лойиҳаларини изчил ривожлантириш ҳамда узоқ муддатли иқтисодий шерикликни ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА