Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти томонидан мамлакатимиз банк тизимидаги рақобат даражаси баҳоланди.
МҲТИ етакчи мутахассиси Умида Ёқубжонова бу ҳақда қуйидагиларни маълум қилди:
–Умуман олганда, мамлакатимиз банк тизимида рақобат даражасининг яхшиланиши бир қатор ижобий омилларга олиб келади. Биринчидан, бу банк хизматларининг сифатини оширади, мижозлар учун қулайлик ва турли имтиёзларни кўпайтиради. Иккинчидан, рақобат ортиши кредит ва депозит ставкаларининг мослашувига ёрдам беради, бу эса аҳоли ва тадбиркорлар учун янада мақбул шарт-шароитларни яратади. Шу билан бирга, бозордаги соғлом рақобат банк тизимини мустаҳкамлаб, иқтисодиётни ривожлантиришга ҳисса қўшади.
Энди таҳлил натижаларига тўхталадиган бўлсак, 2024 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, тижорат банклари активларининг ҳажми 738,7 триллион сўмга етган. Бу кўрсаткич II чоракка нисбатан 48,3 триллион сўмга, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса 123 триллион сўмга ошган. Хусусий ва чет эл капитали иштирокидаги банкларнинг жами банк тизими активларидаги улуши ўтган йилнинг III чорагига нисбатан 2 фоиз бандга ошиб, 33 фоизни ташкил этган бўлса, давлат улуши мавжуд бўлган иккита энг йирик банк – Ўзмиллийбанк ва Ўзсаноатқурилишбанкнинг улуши 1,8 фоиз бандга камайди.
Шу билан бирга, Қозоғистоннинг “Евроосиё банки” шўъбаси ҳам хусусий банк сифатида фаолиятини бошлади. 1 октябрь ҳолатига кўра, мазкур банкнинг жами активлардаги улуши 0,03 фоизни ташкил қилди. Шунингдек, Пойтахтбанк Бирлашган Араб Амирликларининг “Bond Investments Limited” МЧЖ томонидан сотиб олиниши натижасида хусусий банклар қаторига қўшилди. Бу эса хусусий банклар ва чет эл капитали иштирокидаги банкларнинг жами банк тизими активларидаги улуши 0,04 фоиз бандга ошишига сабаб бўлди.
Кредитлар бозорида ҳам рақобат даражаси яхшиланган. Тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14,2 фоизга ошиб, 515,6 триллион сўмга етди. Шу жумладан, жисмоний ва юридик шахсларга ажратилган кредитлар ҳажми мос равишда 22 фоиз ва 11 фоизга ошди. Тармоқлар кесимида саноат 14 фоиз, қишлоқ хўжалиги 12 фоиз, савдо ва хизматлар 10 фоизга ошди. Давлат улуши мавжуд бўлган Ўзмиллийбанк, Агробанк ва Ўзсаноатқурилишбанкнинг жами кредит портфелидаги улуши 2024 йилнинг II чорагига нисбатан 0,5 фоиз бандга камайди. Миллий валютада жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаси 1 октябрь ҳолатига асосан 23,8 фоизни, юридик шахслар учун эса 22,7 фоизни ташкил этди.
Депозитлар бозорида 2024 йилнинг III чорагида II чоракка нисбатан HHI 36 бирликка яхшиланиб, депозитлар бозорида рақобат даражаси активлар ва кредитлар бозоридагига қараганда юқори эканини кўрсатди. Мазкур даврда хусусий ва чет эл капитали иштирокидаги банклар ўртасида ички рақобат кучайиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан Ипак йўли банкининг жами депозитлар ҳажмидаги улуши 0,8 фоиз бандга, Анорбанк ва Ипотекабанкда 0,7 фоиз бандга, Ҳамкорбанк ва ТБС банкда 0,3 фоиз бандга ошди. Давлат улуши мавжуд бўлган учта йирик банкнинг жами банк тизими депозитларидаги улуши эса 0,9 фоиз бандга камайди.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг миллий валютадаги муддатли депозитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари 1 октябрь ҳолатига асосан мос равишда (йиллик ҳисобда) 22 фоизни ва 16,2 фоизни ташкил қилди.
Хулоса шуки, Ўзбекистон банк тизимида рақобат даражасининг яхшиланиши иқтисодий ривожланиш учун муҳим омилдир. Рақобат даражаси ошиши банклар ўртасидаги сифатли хизмат кўрсатиш ва қулай шарт-шароитлар яратишга имкон беради. Бунда мижозлар учун кредит ва депозит ставкаларидаги самарали ўзгаришлар, банк хизматлари турларининг кенгайиши кузатилади. Муҳими, бу жараёнда бозорда соғлом рақобат вужудга келиб, умумий иқтисодий ўсишга ижобий таъсир этади.
Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.
ЎзА