БМТ Бош ассамблеясининг қарорига кўра, 1997 йилдан буён 16 ноябрь ҳар йили бутун дунёда “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида нишонланади. Бу санани Ўзбекистонда ҳам нишонлаш яхши анъанага айланган. 2019 йилдан буён давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ушбу сана муносабати билан тадбирлар ташкил этилади.
Бу йил ҳам “Бағрикенглик ҳафталиги” бўлиб ўтади. 7 кун давомида ҳафталик доирасида Халқаро пресс-клуб сессияси, давра суҳбатлари, конференциялар, фотокўргазма ва бошқа маданий-маърифий ва илмий-амалий тадбирлар ўтказилади.
Давлатимиз миллий сиёсатининг энг муҳим, устувор йўналишларидан бири барча миллатларнинг равнақи учун тенг шароит ва имконият яратиш, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштиришдир.
Ўзбекистон бугун бутун дунё мамлакатлари учун бағрикенглик намуналарини ўзида мужассам этган давлат сифатида намуна бўлмоқда. Ўзбекистоннинг бу кўп асрлик тажрибаси ўзбек миллатига хос бағрикенглик хусусиятлари Марказий Осиё ва бошқа ривожланган мамлакатлар учун андоза бўлиб хизмат қилади, деб айта оламиз.
Ҳафталикнинг илк тадбири Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Медиа марказида мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, хорижий давлатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” мавзусида Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси билан бошланди.
Пресс-клуб сессиясида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Азамат Тошев, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Махсудов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Уйғун Ғафуров, Республика туркман маданият маркази раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулдона Авездурдиева спикер сифатида қатнашди.
Улар бағрикенглик нафақат давлат, балки шахсий, кишилар гуруҳлари даражасида ҳам янада кўпроқ қарор топаётганини таъкидлади.
Шунингдек, спикерлар томонидан мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенгликни таъминлаш борасидаги кўплаб ибратли ташаббуслар алоҳида эътироф этилди.
Н.Усмонова,
ЎзА