Ўзбекистон – БАА: ҳамкорликнинг янги уфқлари
Маълумки, жорий йилнинг 27 сентябрь куни Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазир ўринбосари ва мудофаа вазири, Дубай амирлиги валиаҳди, Шайх Ҳамдан бин Муҳаммад бин Рашид Ол Мактум юртимизга ташриф буюриб, бир қатор муҳим учрашувлар ўтказди.
ЎзА мухбири Ўзбекистоннинг ушбу давлатдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдулазиз Аққулов билан мазкур тарихий воқеанинг аҳамияти ва ташриф доирасида эришилган келишувлар хусусида суҳбатлашди.
– Биринчидан, қайд этиш керак, валиаҳд 2024 йил июль ойида Бош вазир ўринбосари ва мудофаа вазири лавозимига тайинлангандан сўнг ўзининг илк расмий ташрифини айнан Ўзбекистонга амалга оширди. Ҳар икки томон учун муҳим аҳамиятга эга учрашувга Амирликлар томони пухта тайёргарлик кўрди, албатта. Табиийки, биз ҳам бу борада бор имкониятимизни ишга солдик. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз, ўтказилган учрашувлар, Вазирлар форуми ва имзоланган ҳужжатлар нуқтаи назаридан, мулоқотлар жуда самарали кечишига ҳисса қўшди.
Иккинчидан, ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни кучайтиришга хизмат қилмоқда, савдо, инвестиция, хавфсизлик ва таълим каби муҳим соҳаларда шерикликни кучайтириш учун янги имкониятлар яратмоқда.
Учинчидан, муҳим молиявий битимлар имзоланиши,турли форумлар ўтказилиши қўшма лойиҳаларни ривожлантириш, юртимизга янги сармояларжалб қилиш ва илғор тажрибани ўзлаштириш имконини беради. Натижада ҳар икки мамлакатнинг иқтисодий ўсиши таъминланади.
Хусусан, Вазирликлар форуми кўплаб долзарб масалаларни муҳокама қилиш, вазирлар ва юқори мартабали бошқа амалдорлар ўртасида тажриба алмашиш учун ноёб платформа вазифасини ўтайди. Бундай ҳамкорлик янги қўшма стратегия ва ташаббуслар ишлаб чиқилишига замин яратади.
Эътиборли жиҳати шундаки, БАА Конституциясига кўра, Бош вазир ўринбосари ва мудофаа вазири лавозимларини эгаллаб турган валиаҳд шаҳзода келгусида мамлакат вице-президенти ва Бош вазири бўлади. Шу жиҳатдан мазкур ташриф давлатларимиз ўртасидаги узоқ муддатли, ўзаро ишончга асосланган ҳамжиҳатликни кучайтирувчи муҳим белги бўлиб, муайян сиёсий ирода, юксак даражадаги ҳамкорлик истагини ифодалайди.
Шу билан бирга бу воқеа Ўзбекистоннинг халқаро муносабатларга алоҳида эътиборини тасдиқлаган ҳолда, мамлакатимиз дунёга очилаётгани, бошқа давлатлар билан фаол ҳамкорликка тайёрлигини англатади.
– Вазирлар форумида қандай масалалар муҳокама қилинди?
– “Ўзбекистон-2030” стратегияси муваффақиятли амалга оширилиши республикамиз учун устувор вазифа экани шубҳасиз. Шу маънода биз БААнинг узоқ муддатли стратегиялар бўйича бой тажрибасига таяниб, турли соҳалардаишчи гуруҳлар ташкил қилдик. Бу белгиланган мақсадларга тезроқ эришишга ёрдам беради.
Ишчи гуруҳлар БАА томонидан қабул қилинаётган стратегия ва ташаббуслар, шунингдек муайян камчиликларни ҳам таҳлил қилди. Натижалар ҳар бир йўналиш бўйича аниқ вазифалар қўйиш имконини берди. Бу “Ўзбекистон-2030” стратегияси амалга оширилишини янада жадаллаштиради. Ушбу гуруҳлар мувофиқлаштирилган фаолият юритган, лойиҳаларни бошқарган ҳолда мақсадга эришишда муҳим роль ўйнайди. БАА билан тажриба алмашиш беқиёс аҳамиятга эга, чунки бу бизга ютуқларни эътироф этиш, хатолардан сабоқ олиб, ўз тараққиёт йўлимизни мукаммаллаштиришга кўмаклашади. Бундай ҳамкорлик Ўзбекистонга энг кичик таваккалчилик билан олға интилиш учун йўлочади.
– Ташриф доирасида қабул қилинган ҳужжатлар аҳамиятига тўхталсангиз...
– Имзоланган ҳужжатлар мамлакатларимиз ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди. Бир неча ой давомида ишлаб чиқилган бу ҳужжатлар турли соҳалардаги ҳамкорликни фаоллаштиришга қаратилган. Масалан, Тошкент шаҳри ҳокимияти ва Дубай муниципалитети ўртасида имзоланган битимга мувофиқ, шаҳар инфратузилмасини бошқариш тажрибаси, замонавий технология ва механизмлар, жумладан оқова сув тизимини такомиллаштириш, маиший чиқиндини қайта ишлаш, йўл ҳаракатини бошқариш ва транспорт тармоғини ривожлантириш кўзда тутилган. Меморандум доирасида Дубайнинг муваффақиятли шаҳарсозлик тажрибасини Тошкентда жорий қилиш режалаштирилган.
– Нима учун ушбу дастур бўйича ҳамкор сифатида айнан Дубай танланди?
– Аввало, пойтахт раҳбарияти барча шаҳарлар тажрибасининг фойдали жиҳатларини олишдан манфаатдор. Бу йўналишда Дубай муниципалитети ҳамкорликка тайёр. Маълумки, Дубай шаҳарсозлик инфратузилмасини бошқариш бўйича улкан тажрибага, илғор технологияга эга. Қолаверса, энг яхши амалиётни ўзлаштириб, маҳаллий шароитга мослаштириш шаҳар муҳитини анча яхшилайди.
Биз Дубайда қўлланаётган илғор технологияни Тошкентга ҳам кўчириш ниятидамиз. Бу нафақат технологик ечим, балки шаҳар инфратузилмасини бошқариш самарадорлигини оширадиган ташкилий механизм ҳам ҳисобланади.
Дубай транспортни бошқариш интеллектуал тизими ва чиқиндини қайта ишлаш бўйича илғор усуллари билан машҳур. Демак, пойтахтимиз экотизими келажакда сезиларли даражада яхшиланади.
– Яна қандай келишувларни алоҳида қайд этиш мумкин?
– Ер юзи бўйлаб контейнер ташувларининг 10 фоизини таъминлайдиган, йиллик юк ташиш ҳажми 81,5 миллион дона йигирма футли контейнерга тенг “DP World” халқаро логистика компанияси билан шартнома имзоланди. Компания ўрганиш ва музокаралардан сўнг Тошкент шаҳри ҳокимлиги билан шаҳар атрофида логистика кластери ташкил этишга рози бўлди. Бу келишув мамлакатимизнинг халқаро юк ташиш бозоридаги ўрнини сезиларли даражада мустаҳкамлайди. “DP World” энг йирик компаниялардан бири сифатида нафақат илғор тажриба ва технологияни ўзлаштириш, балки дунёвий логистика ва савдо ҳамкорлари кенг тармоғига ҳам кириш имконини тақдим этади. Натижада бизда логистика хизмати сифати яхшиланади, транспорт харажати кескин камаяди, ўзбек маҳсулотлари экспорт салоҳияти ошади. Хуллас, Тошкентни транзит хабига айлантириш истиқболи ҳақиқатга айланмоқда.
Европа, Осиё ва Яқин Шарқ ўртасидаги муҳим савдо йўллари чорраҳасидаги Ўзбекистон стратегик жиҳатдан қулай географик жойлашувга эга. Логистика инфратузилмасини ривожлантириш мамлакатни юк ташиш учун муҳим марказга айлантириши мумкин. Энг муҳими, бундай лойиҳалар самараси ўлароқ, минглаб янги иш ўринлари пайдо бўлади, маҳаллий бизнес фаоллашади. Бу натижалар бутун минтақа иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатади. Умид қиламизки, “DP World” компанияси билан ҳамкорлик кутилган натижаларни беради ва Ўзбекистон фаровонлигига хизмат қилади.
– Таълим йўналишида имзоланган ҳужжатнинг Ўзбекистон учун манфаатли жиҳатига тўхталсангиз?
– БАА Олий таълим ва илмий тадқиқотлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланиши ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим қадамдир. Ушбу ҳамкорлик ҳам талабалар, ҳам ўқув муассасалари учун ижобий самара беради.
Хусусан, БАА билан тажриба, ўқитувчилар ва илғор амалиёт алмашиш туфайли Ўзбекистонда таълим сифатини сезиларли даражада яхшилашга эришиш мумкин. Зеро, Амирликлар жаҳон миқёсида ўта замонавий таълим муассасалари ва юқори ўқув стандартига эга давлат ҳисобланади.
Бундан ташқари, ҳар икки мамлакат дипломлари ўзаро тан олиниши битирувчиларнинг ҳам Ўзбекистонда, ҳам БААда, шунингдек халқаро миқёсда ҳам ишга жойлашиш имкониятини анча кенгайтиради. Бу айниқса глобаллашув ва ишчи кучи сафарбарлиги ошаётган бугунги шароитда жуда муҳим.
Келишув асосида қўшма илмий-тадқиқот лойиҳалари сони, академик алмашинув ва талабалар стипендияси миқдори оширилади. Халқларимиз маданий алмашинуви кенгайиб, ҳамжиҳатлик мустаҳкамланади. Қайд этиш жоиз, бундай ташаббуслар таълим секторига хорижий талабалар ва сармоядорлар эътиборини жалб қилади. Натижада соҳа янада ривожланади, модернизация жараёни тезлашади.
– Икки мамлакат савдо-иқтисодий муносабати жорий ҳолатига қандай баҳо берган бўлардингиз?
– Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги муносабат барқарор ривожланиб, сўнгги йилларда стратегик даражага кўтарилди. Давлатлар раҳбарлари ўртасидаги дўстона муносабат барча йўналишларда тараққиёт учун ҳаракатлантирувчи куч бўлиб хизмат қилмоқда. Турли геосиёсий воқеалар сабаб юзага чиқаётган муаммоларга қарамай, ҳозирги кунда юртимизда “Masdar”, “Mubadala”, “DP World” компаниялари, Абу-Даби Тараққиёт жамғармаси ва БААнинг бошқа компаниялари иштирокида умумий қиймати 4 миллиард долларлик қўшма инвестиция лойиҳалари амалга оширмоқда. Сармоявий ҳамкорлик анъанавий ва муқобил энергетика, инфратузилма, сув ва қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика каби муҳим соҳаларни қамраб олган. Сўнгги 6 йилда БАА ва Ўзбекистон ўртасида товар айирбошлаш ҳажми 5 баробар ошиб, 2017 йилдаги 115 миллион доллардан 2023 йилда 625 миллион долларга етди.
2022 йил давомида ўзаро ташқи савдо 519 миллион долларни ташкил этиб, унда Ўзбекистондан юборилган маҳсулотлар ва хизматлар экспорти улуши 123 миллион доллар (24%)ни ташкил этган бўлса, 2024 йилнинг 7 ойи давомида ташқи савдода (383 млн. долл.) ўзаро экспорт ва импорт баланси деярли тенглашиб, экспорт улуши 189 миллион доллар (49,3%)ни ташкил этди.
Бунда маҳаллий тадбиркорларнинг БААдаги халқаро кўргазмалардаги самарали иштироки, авиақатновлар сони ошиши ва БААнинг импорт салоҳияти ҳамда маҳсулот ва хизматларни реэкспорт қилиш тажрибаси қўл келмоқда.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда БАА капитали иштирокидаги 300 дан зиёд компания фаолият юритмоқда. Бу рақам мунтазам ўсиб, мамлакатларимиз савдо-иқтисодий алоқалари ривожини таъминламоқда.
– Батафсил маълумотлар ва жавоблар учун ташаккур.
Дурдона Солиҳова суҳбатлашди.
ЎзА