Ўзбекистон – БАА: ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Бирлашган Араб Амирликлари “WAM” ахборот агентлиги Ўзбекистон Президентининг ушбу давлатга расмий ташрифи арафасида Бош вазир ўринбосари, ташқи ишлар вазири шайх Абдуллоҳ бин Зоид Ол Наҳаён ва мамлакатимиз ташқи сиёсат идораси раҳбари Бахтиёр Саидов ўртасида самарали учрашув бўлиб ўтганига эътибор қаратди. Айни мавзудаги мақолада икки мамлакат яқин ҳамкорлиги кўлами кун сайин кенгайиб бораётгани эътироф этилган.
Учрашувда ўзаро муносабатларни халқларимиз умумий манфаати йўлида чуқурлаштириш масаласи муҳокама қилингани, биргаликдаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга қаратилган иқтисодий, савдо-сармоявий, қишлоқ хўжалиги, саноат, туризм, қайта тикланадиган энергия каби муҳим йўналишлардаги қўшма лойиҳалар кўриб чиқилгани таъкидланган.
Шайх Абдуллоҳ бин Зоид Ол Наҳаён БАА Ўзбекистон Республикаси билан мустаҳкам ва ўсиб бораётган муносабатларни мустаҳкамлаш, барча соҳалар бўйича шерикликни халқларимизга эзгулик ва фаровонлик олиб келадиган тарзда ривожлантириш учун бор имкониятни ишга солишга интилишини қайд этган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА