Ўзбекистон – БАА ҳамкорлиги муштарак қадриятларга таянади
Бирлашган Араб Амирликлари ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда изчил ривожланмоқда. Мавжуд алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида БААнинг мамлакатимиздаги элчихонаси мунтазам равишда маданий тадбирлар ташкил этиб, жамоатчиликни Амирликлар тарихи, урф-одати ва қадриятлари билан яқиндан таништириб келмоқда.
Давлатлараро маданий мулоқот халқлар ўртасидаги дўстлик риштасини мустаҳкамлаш, туризм салоҳиятини ошириш ва иқтисодий шериклик кўламини кенгайтиришда муҳим омил ҳисобланади. Муштарак диний қадриятлардан келиб чиқиб, Элчи Саид Матар Ал-Қамзий Рамазон ойи муносабати билан ифторлик маросими ташкил этди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Давронбек Махсудов, шунингдек Халқаро исломшунослик академияси ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети раҳбарияти, Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари иштирок этди.
Дипломат меҳмонларга Амирликларнинг Рамазонга хос миллий анъаналари ва қадриятлари ҳақида сўзлаб берди. Ўзбекистон ва БААда ушбу улуғ ой билан боғлиқ урф-одатларнинг ўхшаш жиҳатлари эътироф этилди.
[gallery-27829]
Маросим якунида Ўзбекистон ва БАА ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш, умумуий саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда келгусида биргаликда қўшма лойиҳалар, маданий дастурлар амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.
Мусулмон Зиё,
Носиржон Хайдаров (сурат), ЎзА