"ACI Europe" - Европа халқаро аэропортлари кенгаши бўлиб, бутун дунё бўйлаб 2000га яқин аэропорт операторларини бирлаштирган глобал ташкилотдир.
Жорий йилнинг 18-20 июнь кунлари "Uzbekistan Airports" вакиллари Афина шаҳрида (Греция) бўлиб ўтган "ACI Europe"нинг XXXV йиллик конгресси ва Бош ассамблеясида иштирок этди.
Тадбир авиация соҳаси етакчилари ва менежерларини бирлаштириб, глобал авиациядаги янги чақириқлар ва имкониятларни муҳокама қилиш, келажакдаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун халқаро аэропортлар билан алоқаларни ўрнатиш, ACI ҳамкорларининг инновациялари билан танишиш учун асосий платформага айланди.
Анжуманда жаҳон етакчиларидан "Vinci Airports" (Франциядаги глобал аэропорт оператори), AENA (Испаниядаги етакчи аэропортлар тармоғи), Истанбул аэропорти (Европа ва Осиёни боғловчи асосий аэропорт), "Hethrow" (Буюк Британиядаги энг гавжум аэропорт), "Aeroporti di Roma" (Италиядаги етакчи аэропортлар оператори) ва бошқа йирик аэропорт операторлари иштирок этди.
Тадбир давомида "ACI Europe" бош директори Оливе Янковец ўтган 2024 йилда ташкилотга аъзо мамлакатларда йўловчи ташишнинг пандемиядан олдинги давр - 2019 йилга нисбатан динамикаси тўғрисида тақдимот қилди.
Таҳлилларга кўра, ўтган йили мамлакатимиз аэропортларининг йўловчи ташиш ҳажми 2019 йилга нисбатан икки баравар кўпайган. Шунингдек, ташкилотга аъзо давлатлар орасида Ўзбекистон энг яхши натижани кўрсатгани таъкидланди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, "Uzbekistan Airports" 2024 йил октябрь ойидан бошлаб "ACI Europe" ташкилотидаги аъзолигини қайта тиклаган эди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА