Ўзбекистон археологияси: муаммо ва ечимлар
Миллий археология марказида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 80 йиллик юбилейига бағишланган “Ўзбекистон археологияси: муаммо ва ечимлар” мавзусида республика илмий конференцияси бўлиб ўтди.
Қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтган ушбу илмий конференцияда археология ва тарих соҳасининг етук мутахассислари, Миллий археология маркази илмий ходимлари билан бирга, республиканинг қатор илмий текшириш ва олий таълим муассасаларидан тадқиқотчилар иштирок этди.
Конференцияда иштирокчилар томонидан тақдим этилган маърузалар тарихнинг турли даврларини ўрганишдаги муаммоларни ёритишга қаратилди. Маърузаларнинг бир қисми тош даври археологиясига бағишланган бўлиб, унда илк палеолит давридан то тош даврининг сўнгги босқичларигача бўлган масалалар ўз аксини топган.
Тарихнинг кейинги даврлари муаммоларини қамраб олган маърузалар ҳам мавзу ва ёндашув жиҳатдан бир-биридан кескин фарқ қилади. Улар археология соҳасида тадқиқот усулларини такомиллаштириш муаммоларидан тортиб, шаҳар ва уларнинг жойлашувини аниқлаш, топонимлар этимологияси, сопол ҳунармандчилиги, этник мансублик масалалари, тасвирий санъатда аёл тимсолининг санъатшунослик талқини ва бошқа кўплаб шу каби долзарб мавзуларни қамраб олди.
Шунингдек, конференция якунида билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида тегишли қарорлар қабул қилинди.
Н.Раҳмонова, ЎзА