Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Хеник ва АҚШ Қишлоқ хўжалиги департаментининг хорижий қишлоқ хўжалиги хизмати раҳбари Лукас Блаустейнлар билан учрашди.
Куни кеча бўлиб ўтган учрашувда кейинги йилларда икки томонлама ҳамкорлик муносабатлари ишонч ва ҳурмат, ўзаро манфаатли принциплар асосида равнақ топаётгани мамнуният билан қайд этилиб, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам амалга оширилаётган ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, давлатимиз раҳбарининг 2023-йил 17-20-сентябрь кунлари Америка Қўшма Штатларига ташрифи давомида инвестициялар ва савдо йўналишида имзоланган битимлар ва эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаси асосида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалётга татбиқ этилаётган лойиҳалар жорий ҳолати ва келгусида бажарилиши лозим бўлган ишлар юзасидан фикр алмашилган.
Мулоқот чоғида АҚШдан Ўзбекистонга соя шрoтини тижорий етказиб бериш ва USAID'нинг иқлимга мос қишлоқ хўжалиги лойиҳалари ҳамда Ўзбекистон делегациясининг озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалигини молиялаштириш муаммоларини ўрганиш мақсадида АҚШга ташрифи давомида келишилган ҳамкорлик лойиҳаларини амалётга татбиқ этиш масалалари ҳам кўриб чиқилган.
Учрашув якунида икки томонлама ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳаси олийгоҳларида таҳсил олаётган истеъдодли талаба ёшларимизни АҚШнинг нуфузли олий ўқув юртларида ўқитиш юзасидан келишиб олинган.
ЎзА