“Ўзбекистон – 2030” стратегияси: экспорт салоҳиятини ошириш ва қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш истиқболлари
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида миллий иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш, ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек, экспорт таркибида юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар улушини кескин кўпайтириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Хуррам ТЕШАБОЕВ ЎзА мухбирига берган интервьюсида экспорт салоҳиятини ошириш ва қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш истиқболлари хусусида фикрларини билдирди:
– 2025 йил якунлари ушбу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаларини яққол намоён этди. Хусусан, республика экспорти 2025 йилда олтинсиз ҳисобда 23,9 миллиард долларни ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 122 фоизга ўсиш қайд этилди, – деди вазир ўринбосари.
Шу билан бирга, ушбу кўрсаткични 2030 йилгача ҳар йили ўртача 15 фоиздан барқарор ошириб бориш режалаштирилган. Бу эса миллий иқтисодиётнинг ташқи бозорлардаги иштирокини кенгайтириш, экспорт географиясини диверсификация қилиш ва маҳаллий маҳсулотлар нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Экспорт фаолиятига тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2025 йил якуни билан экспортни қўллаб-қувватлаш бўйича яратилган имкониятларни кенг тарғиб қилиш натижасида 3 055 та янги тадбиркорлик субъекти экспорт фаолиятига жалб этилиб, жами экспортчи корхоналар сони 7 370 тага етказилди.
Белгиланган мақсадларга мувофиқ, 2030 йилга қадар экспортчилар сонини 15 мингтага етказиш режалаштирилган. Бу кўрсаткич тизимли равишда ўсиб бориб, 2025 йилдаги 6,5 мингтадан 2026 йилда 7,7 мингтага, кейинги йилларда эса мос равишда 9,1 минг, 10,8 минг ва 12,8 мингтага етиши кўзда тутилган. Бу, энг аввало, кичик ва ўрта бизнес вакилларининг ташқи бозорларга чиқишини фаоллаштиришда муҳим омил бўлади.
Қайд этиш керак, экспорт таркибида тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар улушини ошириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Келгуси йилларда мазкур йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириш мақсадида 2026 йилда тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар улушини 55 фоизга, 2027 йилда 58 фоизга, 2028 йилда 62 фоизга, 2029 йилда 66 фоизга ва 2030 йилга бориб 70 фоизга етказиш кўзда тутилган.
Бу эса мамлакатимизда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, саноат тармоқларида чуқур қайта ишлаш жараёнларини жадаллаштириш ва экспорт самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро бозорларда рақобатбардошлигини оширишда сифат стандартлари муҳим ўрин тутади. Шу боис, 2025 йилда 1 639 та маҳаллий экспортчи корхонага жами 3 248 та ISO, Oeko-Tex, Global GAP, ORGANIC, SEDEX ва HALOL каби халқаро стандарт ва сертификатлар жорий қилинди.
Келгусида ушбу йўналишдаги ишлар янада кучайтирилиб, 2026 йилда халқаро стандартларни жорий қилган корхоналар сонини 3 мингтага, 2027 йилда 3 минг 500 тага, 2028 йилда 4 мингтага, 2029 йилда 4 минг 500 тага ва 2030 йилга бориб 5 мингтага етказиш режалаштирилган.
Шунингдек, миллий брендларни халқаро майдонда тарғиб қилиш ишлари ҳам изчил давом эттирилмоқда. Айни пайтда ташқи бозорларда рақобатлаша оладиган ва “Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастурига киритилган 27 та корхона ўз савдо белгисига (брендига) эга ҳисобланади.
2030 йилгача ушбу кўрсаткични янада ошириш мақсадида Савдони ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан халқаро кўргазмаларда иштирок этиш, мутахассисларни ўқитиш, чет элдаги савдо уйлари ва омборхоналарни ижарага олиш, маҳсулотларни хорижда реклама қилиш, бизнес-семинарларда қатнашиш каби йўналишларда молиявий кўмак кўрсатилади.
Албатта, эришилган натижалар билан чекланиб қолинмайди. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсадли кўрсаткичлар ижросини таъминлаш мақсадида мавжуд қўллаб-қувватлаш чоралари изчил давом эттирилади.
Шунингдек, экспорт салоҳиятини янада кучайтириш учун 2026-2030 йилларга мўлжалланган миллий стратегия ишлаб чиқилиб, унинг доирасида амалий чора-тадбирлар изчил амалга оширилади.
Стратегияда белгиланган 7 та йўналиш ва 30 та мақсадли индикатор ҳудудлар кесимида самарадорликни баҳолашнинг муҳим мезони, яъни KPI сифатида белгиланади.
Шунингдек, “100 маҳсулот акселератор” дастури орқали 100 турдаги тайёр маҳсулотлар экспортини Африка, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё давлатларига сезиларли даражада ошириш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Россия, Туркия ва Словакия тажрибаси асосида экспорт-импорт операцияларини молиялаштириш, суғурталаш ва кафиллик тақдим этувчи экспорт-импорт банки фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ҳам таклифлар ишлаб чиқилади.
Умуман олганда, бугун қўлга киритилаётган натижалар ва келгуси йиллар учун белгилаб олинган аниқ чора-тадбирлар 2030 йилга қадар экспортда барқарор ўсиш суръатларини таъминлашга хизмат қилади.
ЎзА мухбири Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ ёзиб олди.