“Ўзбекгидроэнерго”да мурожаатлар билан ишлаш тизими такомиллаштирилмоқда
Бугунги кунда мурожаатлар билан ишлаш нафақат қонунчилик талабларини бажариш, балки аҳоли турмуш тарзини ўрганиш, уларни ўйлантираётган муаммоларни аниқлаш ва амалий ечим топишнинг муҳим воситасига айланди. Шу маънода, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг орзу-интилишлари ва қонуний манфаатлари мужассам эканини унутмаслик муҳим аҳамият касб этади.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул раҳбари Абдуваҳоб Абдумаликов мазкур ташкилотда бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида ЎзА мухбирига интервью берди:
– Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш ва давлат идораларининг халқ олдидаги масъулиятини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган фармон ва қарорлар қабул қилиниб, фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқини таъминлашнинг самарали механизмлари яратилди.
“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятида ҳам жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш масаласи доимий эътибор марказида бўлиб, ҳар бир мурожаатни қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда кўриб чиқиш, уларнинг ижросини таъминлаш ҳамда мурожаатчилар розилигига эришиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.
2026 йилнинг ўтган беш ойи якунига кўра, жамиятга жами 84 та мурожаат келиб тушган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10 тага камайган. Мазкур ҳолат аҳоли билан манзилли ишлаш тизими самарадорлиги ошиб бораётгани, мурожаатларда кўтарилаётган масалаларнинг ўз вақтида ҳал этилаётгани ҳамда профилактик ишлар натижадорлиги юксалаётганини кўрсатади.
Келиб тушган мурожаатларнинг таҳлили уларнинг асосий қисми электрон шаклда қабул қилинганини кўрсатмоқда. Жумладан, 46 та ёки 53,8 фоиз мурожаат электрон шаклда, 30 та ёки 35,7 фоизи ёзма, 8 та ёки 10,5 фоизи оғзаки тарзда келиб тушган. Бу эса рақамли технологиялар ҳаётимизга тобора чуқур кириб бораётгани ва аҳолининг электрон мурожаат имкониятларидан кенг фойдаланаётганини англатади.
Энг муҳими, ҳисобот даврида мурожаатларнинг 72 фоизи ижобий ҳал этилган. Аниқроқ айтганда, 61 та мурожаат бўйича амалий чоралар кўрилган ва муаммоларнинг ечими таъминланган. Қолган мурожаатлар бўйича эса амалдаги қонунчилик нормалари асосида тушунтиришлар берилган. Бу кўрсаткич мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида ҳар бир масалага масъулият билан ёндашилаётгани ҳамда мурожаатчилар билан очиқ ва самарали мулоқот йўлга қўйилганини тасдиқлайди.
Мурожаатлар мазмуни таҳлил қилинганда, жисмоний шахслардан 41 та ариза, 20 та шикоят ва 21 та таклиф келиб тушгани кузатилди. Шунингдек, юридик шахслардан 2 та таклиф қабул қилинган. Бу эса фуқаролар нафақат ўзларини қизиқтираётган масалалар юзасидан мурожаат қилаётгани, балки жамият фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ҳам билдириб келаётганини кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси орқали келиб тушаётган мурожаатлар ҳам аҳоли билан мулоқотнинг муҳим механизми сифатида хизмат қилмоқда. Ҳисобот даврида мазкур платформа орқали 30 та мурожаат келиб тушган бўлиб, улар жами мурожаатларнинг 35,7 фоизини ташкил этган. Уларнинг 18 таси ижобий ҳал этилган, 8 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган ва 4 таси ваколат доирасида кўриб чиқиш учун тегишли ташкилотларга юборилган.
Мурожаатлар билан ишлаш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг аҳоли мурожаатлари билан ишлашни янада такомиллаштиришга қаратилган фармон ва қарорлари ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар бир мурожаат назоратга олиниб, унинг ижро ҳолати мунтазам мониторинг қилинади. Мурожаатларда кўтарилган масалаларни чуқур таҳлил қилиш орқали тизимли муаммолар аниқланиб, уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.
Бугун мурожаатлар билан ишлаш соҳасидаги энг муҳим мезонлардан бири, мурожаатлар сони эмас, балки уларнинг қай даражада самарали ҳал этилаётганидир. Шу нуқтаи назардан қараганда, ҳар бир мурожаатнинг ўз вақтида кўриб чиқилиши, мурожаатчига қонуний ва асосли жавоб берилиши ҳамда кўтарилган масаланинг ижобий ечим топиши жамият фаолияти самарадорлигининг муҳим кўрсаткичи ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекгидроэнерго” АЖда мурожаатлар билан ишлаш тизимида қонунийлик, очиқлик ва ижро интизоми тамойиллари изчил таъминланмоқда. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ва ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар аҳоли розилигини таъминлаш ҳамда халқ билан очиқ мулоқотни мустаҳкамлашда асосий омилдир.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.