"Ўзбекгидроэнерго" қуёш энергетикаси ва водород ишлаб чиқаришни ривожлантиради
Энергетика соҳасига замонавий технологияларни жорий этиш ва экологик тоза энергия ишлаб чиқаришни кенгайтириш "Ўзбекгидроэнерго" АЖ фаолиятининг устувор йўналишларидан ҳисобланади.
Корпоратив бошқарувни такомиллаштириш ва халқаро стандартларни жорий этиш эса жамиятнинг 2027 йилга мўлжалланган трансформация дастуридан ўрин олган.
Жамият бошқарув раиси Ислом Абдураҳмонов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда келгуси йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар, янги энергетик лойиҳалар ва фаолият самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Хусусан, гидроэлектр станциялари ҳудудларида қуёш электр станцияларини барпо этиш, қайта тикланадиган энергия манбалари асосида экологик тоза водород ишлаб чиқариш ва энергия сақлаш тизимларини жорий этиш имкониятлари кўриб чиқилди.

–Энергетика соҳасидаги халқаро тажрибани чуқур ўрганишимиз, мамлакатимиз шароитига мос ва энг самарали ечимларни амалиётга татбиқ этишимиз зарур. Бу орқали янги энергетик имкониятларни ишга солиш ва жамият фаолияти самарадорлигини оширишга эришамиз, – деди И.Абдураҳмонов.
Йиғилишда ташкилий тузилмани такомиллаштириш ва бошқарув функцияларини мақбуллаштириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Ушбу чоралар иш жараёнларини самарали ташкил этиш ва замонавий бошқарув усулларини кенг жорий қилишга хизмат қилади.
Шунингдек, IPO жараёнига тайёргарлик кўриш, корпоратив бошқарувни кучайтириш, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини жорий этиш, ички назорат тизимини такомиллаштириш ҳамда ESG тамойилларини татбиқ этиш бўйича вазифалар белгиланди. Инвесторлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳам жамият трансформациясининг муҳим йўналишларидан бири сифатида қайд этилди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА