Ўзбекча Википедия учун 80 мингдан ортиқ фактлар йиғилди
Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамкорлигида “WikiSfera II” оромгоҳи ҳамда “WikiMarafon” лойиҳасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекча Википедия бу ҳозирги кунги глобал ахборот маконида ўзбек тилининг нуфузи ва мавқеини кўрсатиб берувчи энг йирик очиқ рақамли энциклопедиядир. 2003 йилда ташкил этилган ушбу платформа нафақат тилимиздаги маълумотлар базасини бойитишга, балки жамиятимизда билимлар трансферини таъминлашга хизмат қилиб келмоқда. Кейинги йилларда давлат ва жамоатчилик томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор, хусусан, йирик марафонларнинг ташкил этилиши Ўзбекча Википедияни Марказий Осиё минтақасида етакчи ўринларга олиб чиқди.

Оромгоҳда 120 га яқин ёш иштирок этди. Олти кун давомида ёшлар тажрибали менторлар кўмагида ўзбекча Википедияда мақола яратиш, таҳрирлаш ва сифатли контент тайёрлаш кўникмаларини эгаллади.

Оромгоҳ давомида ўзбекча Википедиядаги маълумотлар сифатини оширишга қаратилган Зиёсфера платформасида 80 мингдан ортиқ факт жамланди.

Тадбирда қайд этилганидек, бугун ўзбекча Википедияда 366 мингдан ортиқ мақола мавжуд бўлиб, 6 миллиондан ортиқ таҳрир амалга оширилган. Ҳозирда ўзбекча Википедия жаҳон викирейтингида 39-ўринда. Ҳар бир янги мақола ва ҳар бир ишончли факт — ўзбек тилидаги билимлар базасига қўшилган янги ҳисса қўшиб келмоқда.
Г.Бобоева,ЎзА