
Муносабат
Бугун Самарқандда Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга Ўзбекистон Республикасининг юксак давлат мукофоти – “Олий Даражали Дўстлик” орденини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Бу тадбирда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида яшаётган туркман миллати вакиллари ҳам иштирок этди. Улар орасида нуронийлар, турли соҳаларда самарали фаолият олиб бораётганлар, фаол ёшлар бор эди.
Уларнинг баъзилари билан суҳбатлашдик.

Ўғилжайрон ХАЛДУРДИЕВА, талаба:
– Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида Калтаминор деган туркман маҳалласи бор. Ўша олис қишлоқда туғилдим, ўша ердаги туркман мактабида таълим-тарбия олдим.
Бугунги кунда ўқишим пойтахтда – давлат гранти асосида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида давом этяпти.
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатда китобхонликни ривожлантириш мақсадида ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган танловнинг бу йилги мавсумида биринчиликни қўлга киритдим. Ғолиб сифатида BYD Chazor электромобили соҳиби бўлдим.
Мен алоҳида омади чопган қиз эмасман. Бу юртда мен каби, мендан ҳам баланд марраларни забт этаётган тенгдошларим кўп. Биз шунчаки яратиб берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз. Натижа эса шунга мос бўляпти. Омадим келгани – шу юртда туғилганим, шу заминнинг фарзанди эканим.
Ўқишда, ҳаётда атрофдагиларнинг қўллаб-қувватлашини ҳар доим ҳиc қилиб тураман. Қанча-қанча миллат ва элатлар тинч-тотув яшашмоқда. Янги Ўзбекистон ривожи учун ўз ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилишмоқда. Мен ҳам ватаним равнақига ўзимни дахлдор ҳис қиламан ва бу йўлда бор куч-ғайратимни аямайман. Шу йўлда эканимдан ҳамиша фахрланаман.
Самарқандда ўтган бугунги тадбирлар тарих саҳифаларига киради деб ўйлайман.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов тор доирада ва расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказди.
Музокаралар якунида Гурбангули Бердимуҳамедовга Ўзбекистон Республикасининг юксак давлат мукофоти – “Олий Даражали Дўстлик” орденини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Мен ҳам шу тадбирда иштирок этдим. Икки халқнинг дўстлигидан ғурурландим. Бу мукофотнинг топширилиши кўп миллатли халқимизнинг туркман халқига нисбатан ҳурмат-эҳтироми ифодаси бўлди назаримда.
Тўғри ҳали ёшман, лекин мақсадларим катта. Шу заминнинг гуллаб-яшнаши учун ўқиб-ўрганишдан чарчамайман.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири