Ўзбек тилшунослигининг Самарқанд мактаби асосчиси
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Мирзо Улуғбек олий мадрасасининг вориси ҳисобланадиган Самарқанд давлат университети олти асрлик фаолияти давомида чин маънода илму маърифат бешиги вазифасини ўтаб келмоқда. Бу қутлуғ даргоҳда шаклланган илмий мактаблар, улардан етишиб чиққан фан-таълим дарғалари мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ва маданий-маърифий тараққаётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Улар орасида кўплаб давлат ва жамоат арбоблари, адабиёт ва санъат намояндалари, маданият ва таълим жонкуярлари бор.
Самарқанд давлат университети профессори марҳум Улуғ Турсунов бутун умрини тилшунос, филолог кадрлар тайёрлаш, ўзбек тилшунослигининг долзарб муаммоларини ўрганиш, таҳлил қилишга бағишлаган эди. Домла том маънода ўзбек тилшунослигининг Самарқанд мактаби асосчиси сифатида тан олинади.
Улуғ Турсунов 1905 йилда Қўқон шаҳрида туғилган. Дастлаб Фарғонадаги педагогика билим юртида таҳсил олиб, Марғилон шаҳри мактабларида, сўнгра Қўқон шаҳрида болалар уйида ишлаган.
Ёш изланувчи 1930 йилда Санкт-Петербург шарқшунослик институтини тамомлагандан сўнг, Самарқанд давлат университетида ўқитувчилик қилган.
Улуғ Турсунов 1941-1946 йилларда Иккинчи жаҳон урушида иштирок этади. Унинг кўксини бир қатор жанговар ордень ва медаллар безаб турар эди. Урушдан қайтгандан сўнг то умрининг охиригача – 1971 йилгача Самарқанд давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси мудири лавозимида ишлайди.
Илмий-педагогик фаолиятини уйғунликда олиб борган олим ўзбек тили фонетикаси, грамматикаси, терминологияси, лексикологияси, диалектологияси ва фразеологиясининг долзарб масалаларига бағишланган 200 га яқин тадқиқотлар яратди. Улуғ Турсунов «Ҳозирги замон ўзбек тили» (1960, 1965, 1992), «Ўзбек адабий тили тарихи» (1982, 1995) дарсликлари ҳаммуаллифидир. Домланинг илмий мероси мана орадан шунча йил ўтишига қарамасдан, мамлакатимиз олий ўқув юртлари филология факультетлари талабалари ҳамда ёш тилшунос олимлар учун дарслик вазифасини ўтаб келмоқда.
Улуғ Турсуновнинг тарихий хизматларидан бири, у 40 дан ортиқ ёш олимнинг номзодлик, докторлик диссертацияларига илмий раҳбарлик қилди. Домланинг шогирдлари орасида Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор Раҳматулла Қўнғуров, ўзбек тилшунослигига оид кўплаб дарсликлар, тадқиқотлар, ўқув қўлланмалар муаллифлари, профессорлар Бозорбой Ўринбоев, Абдужаббор Мухторов, Ваҳоб Эгамов, Назар Ражабовлар бор.
Улуғ Турсунов мактабида тарбияланганлар орасида академиклар, фан арбоблари, хизмат кўрсатган таълим, маданият ва санъат ходимлари, таниқли шоир ва ёзувчилар, олим ва журналистлар кўпчиликни ташкил қилади.
Устоз бошлаган хайрли ишлар бугунги кунда ҳам Самарқанд тилшунослик мактаби вакиллари томонидан давом эттирилмоқда. Домланинг ўзбек тилшунослиги тараққиётига қўшган улкан хизматлари ҳисобга олиниб, Самарқанд шаҳридаги кўчалардан бирига Улуғ Турсунов номи қўйилган. Шунингдек, Самарқанд давлат университетида Улуғ Турсунов илмий меросини ўрганиш, тадқиқ этиш юзасидан халқаро илмий анжуманлар ўтказиш анъана тусини олган.
Улуғ Турсунов дафн этилган Шоҳи Зинда қабристонига хотира кунлари, олим туғилган ва вафот этган саналарда СамДУ филология факультети домлалари ташриф буюриб, устоз хотирасини ёд этишади. Бу анъана ҳам бизга устозларимиздан мерос бўлиб қолган.
Азамат ПАРДАЕВ,
Самарқанд давлат университети филология факультети декани, профессор