Ўзбек тили байрамига бағишланди
Ўзбекистон электрон оммавий ахборот ассоциацияси томонидан ташкил этилган Халқаро медиа-холлда 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан маърифий-адабий анжуман бўлиб ўтди.
Анжуманда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори Иброҳим Йўлдошев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ёшлар билан ишлаш бўйинча ўринбосари Ботиржон Эргашев ва бошқалар ўзбек тилинингт мавқеи ва нуфузини тобора ошириш, уни муттасил ривожолантириш масалаларига устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 21 октябрь – Ўзбек тили байрами муносабати билан Ўзбекистон халқига табриги ижодкор зиёлилар, ўқитувчилар, умуман халқимиз, шу жумладан, мамлакатимиз ёшлари томонидан катта қувонч ва қизиқиш билан кутиб олингани эътиборга моликдир.
Унда қайд этилганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда барча соҳа ва тармоқлар каби она тилимиз қадри ва нуфузини янада ошириш борасидаги сиёсат, бу йўналишдаги амалий ишлар ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ва обрў-эътиборини тубдан оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида она тилимиз наинки мамлакатимизда, балки жаҳон миқёсида ҳам ўзининг муносиб ўрни ва мавқеига эга бўлиб бормоқда. Айниқса, она тилимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбарида, улкан сиёсий саммит ва учрашувларда баралла янграб, тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик воситасига айланиб бораётгани қувончлидир.

Бугунги кунда Вазирлар Маҳкамаси таркибида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси самарали фаолият кўрсатиб, ғоят муҳим бу соҳадаги ишларни мувофиқлаштириб келмоқда. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети таркибида амалий филология ва компьютер лингвистикаси бўйича янги йўналишлар очилиб, ўзбек тилини турли соҳаларда қўллашга оид тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Олийгоҳ қошида Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази, 6 та махсус ўқув курси ҳамда Алишер Навоий халқаро жамғармаси ташкил этилгани ҳам айни шу мақсадларга қаратилгани билан диққатга сазовордир.
Тадбирда она тилимизнинг мавқеи ва мақомини ошириш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар, уларнинг самаралари хусусида батафсил сўз юритилди.
Н.Усмонова, ЎзА