Ўзбек тили байрами кўтаринки руҳда ўтди
Сирдарёда Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 34 йиллигига бағишланган байрам тантаналари Гулистон шаҳридаги "Билимдонлар маскани"дан бошланди. Қатор ташкилотлар, идоралар жамоалари, таълим муассасалари, ижод аҳли, аҳоли вакиллари, ёшлар иштирокида ўтган тадбирда она тилимиз мавқеини юксакларга олиб чиққан ҳазрат Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйилиб, буюк мутафаккир хотирасига эҳтиром кўрсатилди.
Байрам тадбири вилоят Ёшлар марказининг анжуманлар саройида давом этди. Қадриятлар бешиги бўлган она тилимизни улуғлашга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар дастури доирасидан, шунингдек, Сирдарёнинг ўтмиши ва бугуни акс этган "Лайлаклар ўлкаси" номли фотосуратлар кўргазмаси ва Сирдарё вилояти ташкил этилганлигининг 60 йиллигига бағишлаб нашр этилган уч жилдлик "Сирдарё тарихи улуғ, бугуни гўзал, келажаги ёрқин диёр" китобининг тақдимоти ўрин олди.


Вилоят ҳокимининг ўринбосари Бекзод Исматов барчани ушбу сана билан қутлаб, вилоятнинг 60 йиллигига бағишлаб нашр этилган уч жилдлик китоб муаллифлари, қолаверса, ўзбек тилини янада ривожлантиришга ҳисса қўшиб келаётган соҳа фидоийларига вилоят ҳокимлигининг ташаккурномалари ва эсдалик совғаларини топширди.
Тадбирда она тилимизни мадҳ этувчи шеърлар янгради. Вилоят мақомчилар ансамбли томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар кечага янада файз киритди.
Байрам тантаналари вилоятнинг барча туманларида, маҳаллаларида кўтаринки руҳда ўтди.
Ш.Суяров, Ш.Ортиқбоев,
ЎзА мухбирлари