“Ўзбек тили барчамизни бирлаштиради”
Ўзбек тили – миллатимиз маънавияти ва тарихий меросининг асоси, давлат тили сифатида эса унинг нуфузи, ҳуқуқий ва ижтимоий аҳамияти катта аҳамиятга эга. Давлат тилини ривожлантириш ва унинг амалда қўлланилишини таъминлаш ҳар бир фуқаронинг ҳамда давлат органлари ходимларининг муҳим вазифасидир.
Шу боис, ҳар йили 21 октябрь куни юртимизда Ўзбек тили байрами кенг нишонланади. Бу сана нафақат миллий ўзлигимизни, балки давлат тили сифатида тилни мустаҳкамлаш ва унинг нуфузини оширишга қаратилган муҳим маънавий воқеа сифатида аҳамиятлидир.
Шу муносабат билан Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида “Ўзбек тили барчамизни бирлаштиради!” шиори остида оммавий диктант тадбири ўтказилди.
Унда вазирлик масъуллари, мутахассислар ва ходимлар фаол иштирок этди.
Вазирлик ахборот хизмати раҳбари Азамат Акобировнинг қайд этишича, давлат тили нафақат биз учун алоқа воситаси, балки миллий ўзлигимизнинг ва давлат органларининг бирлиги рамзидир.
– Ўзбек тилига бўлган ҳурмат ходимларнинг касбий фаолиятида ҳам намоён бўлиши керак, шунингдек, ёш авлодни ҳам миллий қадриятларимизга ҳурмат билан тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга. Шу талаблар асосида ташкил этилган ушбу тадбирнинг асосий мақсади давлат тилини ривожлантириш ва ходимлар орасида она тилига муҳаббат ва ҳурматни мустаҳкамлашга қаратилди.Унда марказий аппарат ходимлари ўзбек тили имло қоидаларини билиш ва ҳуснихати маҳоратини синовдан ўтказди. Шу билан бирга, “Энг ифодали шеър ўқиш” танловида ҳам иштирок этди. Бу эса тадбирга ижодий руҳ ва қувонч қўшди, – деди А.Акобиров.
Шу тариқа, оммавий диктант нафақат давлат тилининг қоидалари ва билимларини синовдан ўтказиш, балки ходимларнинг она тилига ва давлат тилига бўлган эҳтиромини намоён этишда яна бир имконият яратди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА