Ўзбек шоирасининг китоби Сербияда чоп этилди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Хосият Рустамованинг «Кўнгил излари» китоби Сербияда чоп этилди.
Бу ҳақида шоира ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилди.
Хабарда шоира: «Болалигимда тушларим ўнгидан келарди. Нимаки тушь кўрсам, воқеалар ўнгимда ҳам давом этаётганига гувоҳ бўлардим. Балки, тушларимда узоқроқ яшагандирман. Бугун Сербиядан келган хабар ҳам қачондир кўрган ва ҳали ҳам унутилмаган тушимга ўхшар, эҳтимол! Серб тилида, Сербиянинг Liberland Art нашриётида нашр этилган “ Кўнгил излари», китобим учун, истеъдодли шоир ва таржимон, ички ва ташқи гўзал инсон Валентина Навкович ва ушбу нашр учун, ажойиб инсон Карло Астраханга ўз миннатдорлигимни билдираман».
Китобга шоиранинг соф ва самимий туйғулари туширилган, кўнгил кечинмалари ифода этилган шеърлари киритилган.
Эслатиб ўтамиз, Хосият Рустамованинг ўнлаб шеърий китоблари хорижнинг нуфузли газета ва журналларида босилиб чиққан бўлиб, инглиз, рус, қозоқ, хитой, турк ва бошқа тилларда китоблари чоп этилган.
Д. Маматова, ЎзА