Ўзбек қўшиқчилик санъати қай аҳволда?
Ўзбек санъатининг олтин мероси асрларга татийди. Уни авлоддан-авлодга соф ҳолда етказиш эса албатта фидойилик талаб қилади. ЎзА мухбири Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов билан шу каби масалалар — ўз устида ишламаётган бастакорлар, савияси паст, арзон қўшиқлар яратилишининг сабаблари хусусида суҳбатлашди.
— Бугун юртимизда ёш санъаткорлар ижод қилиши учун имкониятлар етарлими?
— Ўзбекистонда яшаётган санъаткорларга ижод қилиши, миллий санъатимизни ривожлантириб, ўз устида ишлашлари учун жуда катта имкониятлар яратилган. Мисол учун, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти, мақом ансамбллари учун эса кўплаб турли марказлар очилди.
— Ёш санъаткорлар мана шундай имкониятлардан тўғри фойдаланишяптими?
— Афсуски, айрим ёшларимиз бундай имкониятлардан фойдаланишмаяпти. Биринчидан, мақомни, классикани, мумтоз қўшиқларни эшитмаяпти. Ўзбек симфонияси, бахшичилик йўлларини эмас, турк, афғон, рус қўшиқларини, Майкл Жексон, Алла Пугачева каби қўшиқчиларни эшитиб, ритмини ўрганиб олиб, мусиқасига ўзбекча сўз қўйиб айтяпти. Бундай ашулачилар чўнтагини “машҳур” қилиш учун ишлаяпти.
— Жуда кўп халқларнинг миллат руҳини кўтарадиган, ватанпарварлик туйғусини жўш урдирадиган, бутун халқ жўр бўлиб айтадиган оммавий қўшиқлари бор. Бизда қайси санъаткорларнинг қўшиқларини ретро қўшиқлар бўлган деб айта оласиз?
— Эл ардоғидаги машҳур санъаткор, булбул нафас ҳофиз Таваккал Қодиров ижро этган “Фасли навбаҳор”, “Ўхшайдику” қўшиқлари ҳалигача халқимиз тилидан тушмайди. Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев 50 йилдан зиёд ижоди давомида 600 га яқин қўшиқ яратди. Унинг “Ўзбегим”, “Соҳибқирон”, “Карвон”, “Биринчи муҳаббатим”, “Дўст бўлсанг, ёнимда тур” каби ашулалари халқ қўшиқларига айланиб кетган. Ғуломжон Ёқубовнинг “Дилором”, “Мажнунтол”, “Ўйласам”, “Сенинг кулишларинг”, Камолиддин Раҳимовнинг “Наргиз”, “Ялла” ансамблини “Чойхона”, қўшиқлари, Юлдуз Усмонованинг “Ҳамроз”, Озодбек Назарбековнинг ватан ҳақидаги қўшиқлари жуда машҳур.
— Бугунги кунда бутун халқ севиб ижро этадиган ретро қўшиқлар яратилмаётганининг сабаби нимада?
— Ҳозирги кунда ретро қўшиқлар яратилмаётганининг сабаби ёш санъаткорлар мақом эшитмаяпти. Уларнинг қулоқлари мақом билан “пишмаяп”ти. Саодат Қобулова, Коммуна Исмоилова, Ориф ҳожи Алимахсумов, Ҳабиба Охунова, Таваккал Қодиров, Комилжон Отаниёзовлар ким бўлганини айрим ёш қўшиқчилар билмайди. Мана шу инсонларнинг қўшиқларини эшитиб, ижод қилган санъаткорларнинг ижоди умрбоқий, ўзининг номи эса машҳур бўлади.
— Қайси ашулачиларнинг ижодини эслашга муносиб деб баҳолайсиз?
— Санъатда номини оқлаб, нонини эса ҳалоллаб еб юрган санъаткорлар ҳам йўқ эмас. Ёш бўлсада, ўз устида ишлаётганлари ҳам бор. Аммо улар жуда кам. Кўпайиши тарафдориман. Танқидларимиздан ўринли фойдаланишсин. Ўзларига хулоса чиқаришсин.
— Юртимизда кўплаб бастакорлар бор. Уларнинг ижодини қандай баҳолайсиз?
— Баъзи бастакорларимизнинг санъатида фундамент йўқ. Мусиқа тарихини билишмайди. Тарихни яхши билмай туриб ижод қилгандан кейин чала-чулпа қўшиқлар яратилаверади, ёшлар эшитаверади. Айрим бастакорлар Мақом, Чўли Ироқ, Муножот, Чоргоҳ, Гиря нималигини билишмайди, энг ачинарлиси, билишни ҳам исташмайди.
— Ёш ижодкорларга санъатимиз ривожи йўлида қандай йўл кўрсатган бўлардингиз?
— Улар аввало ўзбек қўшиқчилик санъати тарихини ўрганиши, устоз санъаткорларнинг дуосини олишлари керак. Ҳозирги янги чиққан қўшиқчиларнинг кўплаб шогирдларим бор, деган сўзларини эшитиб, ҳайратга тушаман. Ахир ўзи ҳали бирор нарсани қойиллатмаган бўлса, қандай қилиб унинг шогирдлари бўлади? Санъаткор устоз деган мақомга эришиши учун 40-50 та қўшиғи бўлиши ва унинг қўшиқларини шогирдлари айтиши керак.
— Аввалги қўшиқлар аудитория танламаган. Нима учун бугунги муҳаббат ҳақида куйланган қўшиқларни ҳамма ҳам эшита олмайди?
— Хайрулло Лутфуллаев айтган "Мен севаман, сен севасанми?" қўшиғини олайлик. Бу қўшиқни ҳозирги ёшлар ҳам, катталар ҳам эшитади. Нима учун? Чунки сўзни ёзган шоирни адабиётдан хабари бор. Ўзидан олдин ўтган шоирларнинг ижодини ўқиган, ўрганган. Шеърнинг мазмуни йўқ бўлса, куй ҳам, эшитувчи ҳам шунга мос бўлади.
— Бир пайтлар бадиий кенгашда ишлагансиз. Саёз қўшиқ кенгашдан ўтмасди. Ҳозир аҳвол қандай?
— Ҳозир ундай кенгашлар йўқ.
— Янги Ўзбекистон учун янги қўшиқлар керакми?
— Албатта керак. Ҳар бир санъаткорнинг машҳур бўладиган ўз даври келади. Ниятим битта — бугунги даврнинг ўз шоири, бастакори ва ҳофизи бўлсин. Президентимиз олиб бораётган сиёсатнинг туб заминида таълим турган экан, жонли, одамнинг юрагига етиб борадиган, маънавиятни илгари сурадиган ашулалар яратилишига ишонаман.
Нигора Раҳмонова суҳбатлашди, ЎзА