Ўзбек-озар халқларининг тарихи, маданияти муштарак
Ўзбекистон ва Озарбайжон Республикаси ўртасидаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий ва дипломатик алоқалар ривожланиб бормоқда. Икки мамлакат халқларини тарихий ришталар, адабиёт, фан, таълим, маданият ва бошқа соҳалардаги кўп жиҳатлар бирлаштириб туради.
Яқинда Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлисининг Маданият масалалари қўмитаси раиси Ганира Пашаева бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Г.Пашаева дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб, Спикер ўринбосари А.Қодиров билан учрашди. Мулоқот аввалида меҳмонга Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар мазмун-моҳияти, уларни амалга оширишда парламентнинг ўрни ҳақида сўзлаб берилди.
Самимий ўтган учрашувда томонлар ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш, парламентлараро дўстлик гуруҳларининг мунтазам учрашувларини ташкил этишга келишиб олдилар. Буюк тарихий аждодларимиз ҳақида ҳужжатли, бадиий фильмлар яратиш учун мамлакатларимиз киносаноати вакиллари ўртасида махсус ижодий гуруҳлар ташкил этиш мақсадга мувофиқ эканлигини айтиб ўтди.

Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутати Ганира Пашаева бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон миллий маданият марказида ҳам бўлдилар. Ҳайдар Алиев ҳайкали пойига ва ватан тупроқлари учун шаҳид бўлган озарбайжонлик ҳарбийлар хотирасига гулдасталар қўйилди.
Марказда Озарбайжон ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, «Озарбайжон қизлари» рақс ансамбли раҳбари, «Дўстлик» ордени соҳиби Кейкап Алиеванинг бюсти очилиш маросими бўлиб ўтди, унинг хотираси ёд олинди. Марказ директори Самир Аббасов фармони билан рақс ансамблига Кейкап Алиева номи берилди.
М.Комилова, ЎзА