English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек олимлари шўрланган ерлар муаммосини ҳал этишга қаратилган муҳим илмий ишланма яратди

Бугунги кунда тупроқ шўрланиши ва деградацияси қишлоқ хўжалиги ривожига жиддий тўсиқ бўлиб қолмоқда. Айниқса, қурғоқчил ҳудудларда тупроқнинг табиий унумдорлиги пасайиб, экинлар ҳосилдорлиги кескин камаймоқда. Мазкур муаммоларни бартараф этишда анъанавий кимёвий усуллар билан бир қаторда экологик хавфсиз, илмий асосланган биологик ёндашувларга эҳтиёж ортиб бормоқда.

Фанлар академияси Микробиология институти олимлари томонидан шўрланган ва деградацияга учраган ерлар муаммосини ҳал этишга қаратилган муҳим илмий ишланма яратилди. Институтда шўрга чидамли тупроқ микроорганизмларининг махсус коллекцияси шакллантирилди. Ушбу коллекция шўрланган тупроқлардан ажратиб олинган, юқори туз концентрациясига мослашган 30 дан ортиқ маҳаллий микроорганизм штаммини ўз ичига олади.

Мазкур микроорганизмлар тупроқ ва ўсимлик ўртасидаги биологик мувозанатни тиклашда муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, улар тупроқдаги азот, фосфор ва калийнинг биологик айланишини фаоллаштириб, ўсимликлар томонидан озуқа моддаларининг ўзлаштирилишини яхшилайди. Шунингдек, микроорганизмлар ишлаб чиқарадиган фитогормонлар ўсимлик илдиз тизимининг ривожланишини рағбатлантиради.

Шўрга чидамли микроорганизмлар ўсимликларнинг шўрланиш ва қурғоқчиликка бардошлилигини ошириш билан бирга, тупроқнинг биологик фаоллиги ҳамда структурасини тиклашга хизмат қилади. Бу эса деградацияга учраган ерларни босқичма-босқич қайта тиклаш имконини беради.

Коллекция асосида ишлаб чиқилаётган биоўғитлар экологик хавфсиз бўлиб, кимёвий ўғитлардан фойдаланиш эҳтиёжини камайтиришга хизмат қилади. Натижада тупроқ саломатлиги сақланади, атроф-муҳитга салбий таъсир камаяди ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини барқарор етиштириш учун замин яратилади.

Мутахассислар таъкидлашича, шўрга чидамли микроорганизмлар коллекцияси деградацияга учраган ерларни тиклаш, тупроқ шўрланишини камайтириш ва ҳосилдорликни оширишда муҳим илмий-амалий аҳамиятга эга. Ушбу ишланма барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги стратегик илмий ресурс сифатида баҳоланмоқда.

Бу йўналишдаги илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ишланмаларни амалиётга кенг жорий этиш ва биоўғитлардан самарали фойдаланиш нафақат бугунги муаммоларга ечим бўлади, балки келажак авлодлар учун соғлом тупроқ ва барқарор агроэкотизимни шакллантиришга хизмат қилади.

 

М. Эшмирзаева,

ЎзА