Ўзбек олимлари Мўғулистонда Тўнюқуқ, Билга хоқон ва Култегин битиктошларини ўрганмоқда
Туркий халқларнинг кўп асрлик тарихи, маданияти ва давлатчилик анъаналарини ўрганишда қадимий ёзма ёдгорликлар муҳим манба ҳисобланади.
Айниқса, Марказий Осиё ва Мўғулистон ҳудудларида сақланиб қолган қадимги туркий битиклар халқларнинг тарихи, тили, маънавий мероси ва ижтимоий-сиёсий ҳаёти ҳақида қимматли маълумотларни ўзида мужассам этган.
Бугунги кунда ана шундай ноёб меросни тадқиқ этиш, уни илмий жиҳатдан ўрганиш ҳамда келажак авлодларга етказиш муҳим вазифалардан бирига айланган.

Айни кунларда Тошкент давлат шарқшунослик университети олимларининг Мўғулистондаги илмий сафари доирасида қадимий туркий ёдгорликлар, археологик манбалар ва тарихий-маънавий меросни тадқиқ этиш йўлида муҳим изланишлар олиб борилмоқда.
Мазкур илмий изланишлар ҳақида университет биринчи проректори, профессор Қудратулла Омонов ушбу мамлакатдан ЎзА мухбирига хабар берди:
–Туркий халқларнинг кўп асрлик тарихи, маданияти ва давлатчилик анъаналарини ўрганишда қадимий ёзма ёдгорликлар муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, Марказий Осиё ва Мўғулистон ҳудудларида сақланиб қолган қадимги туркий битиктошлар халқларнинг тарихи, тили, дунёқараши ва маънавий меросини ўрганишда муҳим илмий манба ҳисобланади. Бундай тадқиқотлар нафақат тарихий ҳақиқатларни тиклаш, балки халқларнинг маданий алоқалари, тил тараққиёти ва цивилизация жараёнларни чуқур таҳлил қилиш имконини ҳам беради.
Қадимий туркий ёдгорликларни илмий ўрганишдан асосий мақсад тарихий манбаларни илмий муомалага киритиш, туркий ёзма меросни сақлаш, рақамлаштириш ҳамда келгуси авлодларга етказишдан иборат. Шу билан бирга, мазкур изланишлар қадимги туркий тил хусусиятлари, давлатчилик анъаналари ва халқларнинг тарихий тараққиёт босқичларини тадқиқ этиш учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Тадқиқот аввалида Мўғулистон технология ва фан университети ректори Намнан Тумурпирев билан илмий ва ўқув масалалари бўйича ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди. Шунингдек, қўшма илмий лойиҳалар ва қўшма илмий экспедициялар ташкил этиш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди. Томонлар тарих, археология, тилшунослик ва шарқшунослик соҳаларида тажриба алмашиш ҳамда академик ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Бундан ташқари, университет музейида сақланаётган Мўғулистон заминидан топилган археологик ёдгорликлар билан танишилди. Университет хорижий тиллар олий мактаби профессор-ўқитувчилари учун маҳорат дарслари ҳам ташкил этилди.
Делегация Мўғулистондаги Чингизхон музейида бўлиб, халқимизнинг қадимий тарихи ва маданиятига дахлдор бўлган манбаларни ўргандилар. Ушбу изланишлар ёзма меросимизни тадқиқ этиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлмоқда.
Ўрганишлар давомида ҳали илмий муомалага кирмаган битиклар ва сўнгги 20 йилликда Мўғулистон тупроқларидан топилган янги топилмалар таҳлил қилинди. Бу маълумотлар ўзбек тилининг қадимги илдизларини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.
Дала тадқиқоти доирасида олимлар Тўнюқуқ битиктоши мажмуасида илмий изланишлар олиб борди.
Тўнюқуқ Мўғулистоннинг Байн-Сокто ҳудудидан топилган бўлиб, ҳозир ҳам ўша ерда сақланади. 712-716 йилларда яратилган мазкур битиктош иккинчи Турк хоқонлигининг саркардаси ва давлат маслаҳатчиси Тўнюқуқ шарафига ўрнатилган икки улкан мармар ёдгорликдан иборат. Ушбу тарихий манба туркий халқлар давлатчилиги, тарихи ва маданий тараққиётини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.
VIII асрнинг биринчи ярмида яратилган қадимги туркий тилдаги энг йирик ёзма ёдгорликлар – Билга хоқон ва Култегин битиктошлари устида кузатувлар олиб борилди. Дастлабки кузатувлар мазкур битиклар билан боғлиқ бир неча йўналишда янги тадқиқотлар олиб бориш эҳтиёжи мавжудлигини кўрсатмоқда.
Дала тадқиқотларининг навбатдаги манзиллари Қораболғасун археологик ёдгорлиги, Қорақурум музейи ва Эрдэнэ Зуу тарихий ибодатхонаси бўлди.
Қораболғасун илк ўрта асрларда Марказий Осиёдаги йирик шаҳарсозлик марказларидан бири ҳисобланади. Қораболғасун битиктошлари ҳам айнан шу ҳудуддан топилган. Қорақурум музейи Чингизхон салтанатининг тарихини ўзида мужассам этган йирик археологик музейлардан бири саналади.
Эрдэнэ Зуу эса Мўғулистоннинг энг қадимий ва йирик тарихий ибодатхоналаридан биридир.
Эътиборлиси, дала тадқиқотлари қадимги ёзма ёдгорликларни бевосита жойида ўрганиш ҳамда қадимги туркий битикларнинг рақамли базасини шакллантириш учун муҳим аҳамият касб этади. Бу эса келгусида туркий ёзма меросни чуқур тадқиқ этиш ва уни халқаро илмий майдонда кенг тарғиб қилиш имкониятларини янада кенгайтиради.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА