Ўзбек олималари қандай ихтиролар яратаяпти?
Илгари фалончининг қизи ёки келини олима экан, деса кўпчилик хайратланарди. Олималик нина билан қудуқ қазишдек қийин иш бўлгани сабабли ҳар қандай аёл бу ишни зиммасига олавермайди. Айниқса, елкасида оила юмушлари, келинлик вазифалари турадиган ўзбек оилалари учун бу бирмунча қийин масала.
Бугун юртимизда хотин-қизларга бўлаётган эътибор туфайли орамизда олима деган номга мушарраф бўлган аёллар сафи анчагина кўпайди. Уларнинг айримлари билан суҳбат уюштириб, яратаётган ихтиролари, янгиликлар ва уларни ҳаётга татбиқ этилиши билан боғлиқ саволларимизга жавоб олдик.
Жорий йилнинг 2 июль куни Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 2021 йил октябрь ойида эълон қилинган “Бўлажак олим” стартап танлови 2-мавсум ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ғолиблар орасида Тошкент Давлат техника университети, Муҳандислик технологиялари факультети таянч докторанти Юлдузхон Камолова ҳам бор.
Унинг эшитишида ва нутқида заифлиги мавжуд болалар нутқини яхшилашга қаратилган “Star-Coch” компьютер дастури ва қурилмаси лойиҳаси ушбу танловда ғолиб деб топилди ва лойиҳани амалга ошириш учун 350 миллион сўм миқдоридаги маблағ билан молиялаштирилди.

Хўш, ушбу лойиҳанинг эшитиши ва нутқида нуқсони бор болалар учун фойдали жиҳати нимада? Уни амалиётда қандай қўллаш мумкин?
– Лойиҳа биринчи навбатда нутқида заифлиги бор болаларнинг сўзларни тўғри талаффуз этишлари, нутқ нуқсонларини бартараф этиш ва ижтимоий ҳаётга мослашишларида кўмак беришга қаратилган, – дейди Юлдузхон Камолова. – Лойиҳа асосан кохлеар имплантация амалиёти ўтказилган болалар ва эшитиш мосламалари бор мактабгача ҳамда кичик мактаб ёшидаги болалар билан сўзларни тўғри талаффуз этишларини спектрал анализ асосида ишловчи комьютер дастури ва қурилмасида текширишга, хатоларини кўрсатишга ва ижтимоий мослашув жараёнини тезлаштиришга қаратилган.

Болаларда КИ (кохлеар имплант)лар ўрнатилгандан кейин реабилитация жараёни муҳим ва қийин жараён бўлганлиги сабабли, компьютер технологияларидан фойдаланиш, уларда дарсларни мустаҳкамлаш ва ижтимоий мослашув жараёнларининг тезлашишига ёрдам беради. Хорижий дастурлар ва қурилмаларнинг минимал нарҳи 1000 АҚШ доллари бўлиб, уларнинг кўпчилиги хорижий тилларга мослашган, яьни ўзбек тилида ишлайдиган бу каби қурилмалар ишлаб чиқилмаган.
Эшитишида ва нутқида заифлиги бор болалар учун ўзбек тилидаги товушлар ва сўзлар жамланмасининг тўғри талаффузини анализ қиладиган дастурлар мамлакатимизда мукаммал даражада ишлаб чиқилмаган. Дастурнинг 100 та ва 1000 та сўз тўплами киритилган нусхаси учун Интеллектуал мулк агентлиги томонидан гувоҳнома олинган. Тошкент тиббиёт академияси Оториноларингология кафедраси профессор-докторлари томонидан синовдан ўтказилган. Бу компьютер дастури республикамиз худудидаги логопедик мактаблар ва боғчаларга фойдаланиш учун топширилган.
Тошкент давлат техника университетининг Машинасозлик факультети “Хизмат кўрсатиш техникаси” кафедраси мудири, техника фанлари доктори Шаҳноза Султонова “Сув иситгичли қурилма” муаллифи ҳисобланади. Оилали, 3 нафар эгизак фарзандлар онаси. 2 қиз, 1 ўғил.
Илмий фаолияти озиқ-овқат маҳсулотларини ва доривор ўсимликларни қайта ишлашга бағишланган. Бугунги кунда Ш.Султонованинг 350 дан ортиқ илмий ишлари мавжуд. Шаҳноза томонидан ишлаб чиқилган техника ва технологиялар кам харажатли ва энергия тежашга йўналтирилган. Сўнгги олиб бораётган ишланмасининг мақсади доривор ўсимликлардан биологик фаол моддаларини сақлаб қолиш мақсадида импорт ўрнини босувчи инновацион техника ва технологияни ишлаб чиқиб, фармацевтика саноатига жорий этишдан иборат.
Ишлаб чиқилган универсал сув иситгичли қуритиш қурилмаси маҳаллий ишлаб чиқаришга қўйилса ҳам арзон, ҳам уни қўллаш жараёнида электр энергия кам сарфланади. Қуритиш қурилмасида қайта ишланган тайёр маҳсулот таркиби 90 фоиздан ортиқ даражада таркибини сақлаб қолиши алоҳида эътиборга лойиқ. Ишлаб чиқилган универсал сув иситгичли қуритиш қурилмасини қўшни давлатлар учун экспортга тавсия этса бўлади.
Қўшни давлатларда ҳам етиштирилаётган доривор ўсимликларни қайта ишлаб фармацевтика саноати учун хом ашё сифатида қўллаш мақсадга мувофиқ. Сув иситгичли қуритиш қурилмасини қўллаш орқали бўш иш жойларини яратиш имконияти туғилади. Олинган сифатли ва арзон маҳсулот аҳоли саломатлиги учун катта аҳамият касб этади. 24 соат тўхтамасдан ишлаш имконияти мавжуд, юқори иш унумдорлигаги эга.
Ҳозирги кунда ушбу қурилма доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш илмий марказида ишлаб турибди. Қурилма қўлланилиши натижасида корхонанинг иш унумдорлиги 1,6 мартага ортган. Хомашёни нобуд бўлиши 1,5 мартага камайган.
Нигора Раҳмонова суҳбатлашди,
ЎзА