Маълумки, Бухоро вилояти республикамизнинг туризм соҳаси изчил ривожланган ҳудуди ҳисобланади. Айни пайтда вилоятда мазкур йўналишда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг “2017-2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилоятининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “2022-2026 йилларда Бухоро вилоятида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига кўра, 2026 йилга қадар Бухоро вилоятида туризм соҳасини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари алоҳида белгилаб қўйилган.
Бундан кўриниб турибдики, хорижлик ва маҳаллий сайёҳларни ўзига жалб қила олган кўҳна ва боқий Бухоро йилдан-йилга янги қиёфа касб этмоқда. Туристларга янада қулай шароитлар яратиш ва хизматлар экспортини кўпайтириш мақсадида қурилган меҳмонхоналар, музейлар, кафе-ресторан, савдо шохобчалари, қадимий бинолар Исмоил Сомоний мақбараси, Чор Бакр, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари, Мағоки Аттор масжиди, Пои-Калон ансамбли, Қадимги Пойкент шаҳри қолдиқлари ва Тошсарой мадрасалари, санаса саноғи узоқ бўлган иншоотлар шаҳар кўркига кўрк бағишламоқда.

Албатта, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектларининг иш бошлаши, ўз навбатида, тадбиркорлик ривожи учун ҳам кенг йўл очаётир.
Жумладан, вилоятнинг Жондор туманидаги Ушот сайёҳлик қишлоғида жойлашган “Ўзбек нони уйи”нинг очилиши халқимиз учун яна бир қувончли хабар бўлди.
Маълумки, Ушот қишлоғида йиллар давомида тандирсозлик анъаналари сақланиб қолгани баробарида, халқ амалий санъатининг бошқа кўринишлари ҳунармандлар, косиблар, қандолатчилар ишлари, турли мазали миллий таомларни тайёрлаш жараёни маҳаллий аҳоли ва кўплаб сайёҳларни ўзига жалб қилмоқда.
Қишлоқда “Ўзбек нон уйи”нинг очилиши эса сайёҳлар орасида нон пишириш анъаналари ва меҳмондўстлик маданиятини тарғиб қилишда яна бир қизиқарли ва серқирра жараён бўлди.

–Тандирчилик ота-боболаримиздан мерос бўлган, – деди лойиҳа ташаббускори, тадбиркор, “Дўстлик” ордени соҳиби Ғайбулла Мўминов. – Мен ҳам 36 йилдан буён тандирчилик фаолиятини олиб бораман. Сайёҳлар олдин ҳам кўп эди, лекин ҳозирда “Ўзбек нон уйи” очилганидан буён янада кўпайди. Бу ерда 30 хил тандирлар бор. Ҳар бирида ҳар хил сомса, патир ва гўштли таомлар тайёрланиб, ҳар ҳил нонлар ёпилмоқда. Бу масканнинг “Ўзбек нон уйи” деб номланишининг сабаби ҳам шунда. Меҳмонлар учун ҳар бир таом тандирда махсус тайёрланади. Вилоятда миллий қадриятлар ва анъанавий ошхона маданиятини кенг тарғиб қилишга хизмат қиладиган бу маданий маскан сайёҳлар орасида миллий нон пиширишни намойиш қилиш ва юртимизга хос меҳмондўстлик маданиятини янада кенг ёйишга хизмат қилади.
–Мамлакатимиз туризм салоҳиятини халқаро майдонларда кенг тарғиб қилиш ва туристик оқимни ошириш иқтисодий ривожланишнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади, – деди Жондор тумани “Ушот” МФЙ ҳоким ёрдамчиси Бекзод Жумаев. – Айниқса, ички туризм нафақат мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, балки Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу мақсадда ташкил этилган “Ўзбек нон уйи” фаолияти ҳам юртимизни сайёҳлар учун жозибадор манзилга айлантиришда муҳим роль ўйнайди. Биргина жорий йилнинг январь-август ойларида вилоятга 1 миллион 500 минг нафарга яқин хорижий сайёҳлар ташриф буюрган. Шунингдек, мамлакатимиз ҳудудларидан ҳам Бухорога 3 миллион нафардан ортиқ маҳаллий аҳоли сайёҳ сифатида ташриф буюрди.
Шу билан бирга, бугунги кунда Бухорода экотуризм, гастрономик туризм, қишлоқ туризми, маданий туризм каби туристик хизматлар ҳам ривожланмоқда. Бу, албатта мамлакатимиз туристик салоҳиятини янада ошириш ва сайёҳларга унутилмас завқ беришга кенг имкониятларни яратади.
Гулноза Бобоева, ЎзА