Ўзбек навоийшунослигининг тарихий йўли
Алишер Навоийнинг поэтик услуби принципларини назарий асосларда илмий ўрганиш Ўзбекистонда ХХ аср 30-йилларининг иккинчи ярмида илк бор ўзбек олимларидан академик Ойбек, Мақсуд Шайхзода, Ҳоди Зариф асарларида амалга оширилди. Бу илмий жараёнга Иккинчи жаҳон уруши йилларида қамалдаги Ленинграддан Ўзбекистонга эвакуация қилинган рус олимлари Е.Э.Бертельс, А.К.Боровков ҳам ўз ҳиссаларини қўшдилар.
Академик Ойбекнинг 1936 йилда ёзилиб, 1961 йилда «Ўзбек тили ва адабиёти масалалари» журналининг 1, 2, 5-сонларида эълон қилинган Навоий ғазалиёти ҳақидаги икки мақоласида шоир лирикасининг асосий моҳияти, поэтикасининг хусусиятлари соҳасида фикр юритилади. Жумладан, муаллиф шоир поэтик услубини таҳлил этар экан, унинг бадиий тасвир принципларига алоҳида эътибор беради. Бир ўринда: «Навоийнинг поэзияси метафорикдир, – деб ёзади олим. – Навоийнинг метафоралари аксар ҳақиқатан чуқур, оригинал бўлади. Умуман, Навоийда сўз юқори нарсаларга ишора қилиши керак». Ойбек Навоий поэзиясининг мазмун ва бадиий шакл жиҳатидан характерли белгиларини қайд этади.
Алишер Навоий лирикасини назарий жиҳатдан тадқиқ этишда Мақсуд Шайхзоданинг илмий фаолияти айниқса диққатга сазовордир. Олим «Навоийнинг лирик қаҳрамони» номли илмий иши ва шу соҳадаги қатор мақолаларида шоир лирик қаҳрамони хусусиятлари, унинг ғоявий интилишлари, шоир лирикасидаги бадиий тасвир принципларини ўрганиш ҳақида мулоҳазалар билдиради.
Шайхзода илмий текширишларининг услубий асослари Навоий лирикасини назарий ўрганишнинг ўзига хос етук босқичи сифатида кўзга ташланади. Навоий поэтикасини ўрганиш соҳасида кейинги даврда чиққан ва чиқаётган монографик тадқиқотларда Шайхзода илмий услубининг бевосита таъсири борлиги муҳим аҳамиятга эгадир. Зеро, бу нарса ўзбек адабиётшунослигининг замонавий жаҳон адабиётшунослиги услубий асосларида тараққий этишига восита бўлган сабаблардан биридир.
Навоий поэтикаси масалаларини махсус ўрганиш Ҳоди Зарифнинг «Рубоий», «Лутфий ва Навоий» номли мақолаларида тилга олиниб, шоир лирикасининг ғоявий-бадиий моҳияти, ўзбек поэзияси анъаналарининг Навоий шеърияти тараққиётида тутган ўрни каби соҳаларда жиддий фикрлар баён қилинади.
Самарқанд навоийшунослик мактаби асосчилари академик Воҳид Абдуллаев ва профессор Абдураҳмон Саъдий томонидан амалга оширилган катта илмий қимматга молик тадқиқотларда ҳам Навоий лирикаси хусусиятлари, ундаги оригинал бадиий тасвир кўринишлари, унинг назарий асослари ва адабий таъсир доираси каби масалаларга аҳамият берилади.
Ўзбек адабиётшунослиги ва адабий танқидчилигининг 60-йиллардан бугунги кунларгача бўлган фаолияти Навоий лирикаси масалаларини поэтика илмининг назарий асослари, специфик қонуниятлари нуқтаи назаридан илмий ўрганишнинг ҳажм ва илмий салоҳият, салмоқ жиҳатидан юксак тараққиёт босқичига чиқаётганлигидан гувоҳлик беради.
Н.Маллаевнинг «Ўзбек адабиётида ғазал ва унинг ривожида Навоийнинг роли», «Навоий лирикаси», акад. В.Зоҳидовнинг «Улуғ шоир ижодининг қалби», А.Абдуғафуровнинг «Навоий ижодида сатира», шунингдек, М.Юнусов, Э.Рустамов, О.Носиров, И.Ҳаққулов, Ш.Шариповларнинг монографик тадқиқот ва мақолалари шоир лирик меросини турли йўналишда текширишга бағишланади.
Б.Валихўжаевнинг Навоий лирикаси бадиияти хусусиятлари ва шоир санъаткорлиги кўринишларига бағишланган «Мумтоз сиймолар», «Алишер Навоий шеърияти» номли асарлари ва бир қатор мақолаларида, М.Муҳиддиновнинг адабий алоқа ва ўзаро таъсир масалалари аспектидаги «Алишер Навоий ва унинг салафлари ижодида инсон концепцияси» номли докторлик диссертациясида, Р.Орзибековнинг «Ўзбек лирик поэзиясида ғазал ва мусаммат» номли монографиясида шоир поэтикасига алоқадор муҳим масалалар таҳлил этилади.
Республикамиз ўз мустақиллигини қўлга киритгандан сўнг, буюк мутафаккир илмий-бадиий меросининг шу кунгача тадқиқ этилмаган қирраларини очиб беришга эътибор кучайиб кетди. И.Ҳаққулов, С.Олимов каби адабиётшунос олимларнинг бу соҳадаги фаолиятлари диққатга сазовордир. И.Ҳаққулов Навоийнинг фалсафий-тасаввуфий дунёқараши, илоҳиётга муносабати, асарларидаги теран маърифий маъно-мазмун, тимсоллар ва рамзлар ҳақида қатор монография, рисола ва илмий мақолалар ёздики, бу ҳодиса навоийшунослик фанининг ўзига хос янги йўналишдаги тараққиётига сабаб бўлди.
Навоий поэтикасининг асосий хусусиятлари, ундаги образлар тизими, бадиий тасвир усуллари, лирик жанрлар ривожига тааллуқли системали равишдаги изчил тадқиқотлар А.Ҳайитметовнинг «Навоий лирикаси» ва Ё.Исҳоқовнинг «Алишер Навоий илк лирикаси», «Навоий поэтикаси» каби монографиялари ва қатор мақолаларида таҳлил этилди ва бу нарса Навоий лирикасини поэтиканинг ўзига хос тизими қонуниятлари нуқтаи назаридан илмий-услубий йўналишда ўрганишни бошлаб берди.
«Навоий лирикаси» асарида А.Ҳайитметов Алишер Навоий лирикасининг тур хусусиятлари, тематикаси ва асосий образларини тадқиқ этади. Муаллиф шоир лирикасининг ғоявий-бадиий хусусиятлари, унинг шарқона лирик анъаналарга муносабати масалаларини батафсил муҳокама этади. А.Ҳайитметов «Алишер Навоийнинг ижодий методи масалалари», «Навоий даҳоси» монографияларида ҳам шоир лирикаси ва ижодий услубининг бир қатор муҳим хусусиятлари, унинг лирик асарларида ижодий услуб ифодаси мавзуига диққатини жалб этади.
Ё.Исҳоқов биринчи бўлиб Навоий лирикасининг бадиий эволюциясини босқичма-босқич, унинг илк давридан балоғат босқичига етгунга қадар намоён бўладиган хусусиятларини, шу босқичлар орасидаги умумий боғланишни ўрганиш мақсадида шоирнинг «Илк девон»ига мурожаат қилади. «Илк девон»нинг, унинг асосида Навоий илк лирикасининг махсус ўрганилиши шоир ижодий маҳоратининг тадрижий такомили, санъаткорлиги ва ғоявий дунёқарашининг ўзига хос ўзгаришлари, камолот босқичига етиш жараёнини кузатишга имкон беради.
Олим ўзининг кейинги асари «Навоий поэтикаси»да лирик жанрлар ва бадиий тасвир поэтикаси хусусиятларини муҳокама этади. Бу асар Навоий поэтикасини ўрганиш соҳасидаги кейинги тадқиқотлар учун ўзига хос таянч манба бўлиб ҳам хизмат қилади. Чунки, ўзбек лирик поэзиясининг жанр жиҳатидан бойиб, мукаммал ҳолга келишида Навоий ғазалиётининг ўрни ва роли масаласи, шоир поэтикасининг ички специфик қонуниятлари ва поэтик услубининг оригиналлигини таъминловчи асосий омиллар бу асарда изчил таҳлил этилган.
Алишер Навоий лирикаси масалаларини янгича йўналишда, ўзига хос илмий нуқтаи назардан тадқиқ этиш ХХ аср 90-йилларида А.Абдуғафуров томонидан йўлга қўйилди. Олим Навоий лирик девонларининг яратилиш даврларини аниқ белгилаш, девонларга кирмай қолган шеърларни аниқлаш юзасидан кузатувлар олиб бориш, девонлар дебочаларида намоён бўлган буюк шоирнинг ўзига хос бадиий тасвир услубини очиб бериш, шу нуқтаи назарлардан Навоийнинг ўзидан кейинги шоирлар ижодига бўлган таъсирини текшириш каби масалаларни тадқиқ этишни мақсад қилиб қўяди. «Бадоеъ ул-бидоя», «Хазойин ул-маоний» девонларининг тартиб берилиш саналари жиддий илмий далиллар асосида аниқланиши олимнинг навоийшунослик фани ривожи учун амалга оширган муҳим хизматларидан биридир. Шунингдек, Навоий қаламига мансуб бўлиб, бошқа шоирга нисбат берилган шеърлар, шоир ижодига нисбатан бўлган эътиборсизлик натижасида юзага келган чалкашлик, хатоликларга ҳам олим биринчилардан бўлиб очиқ муносабат билдиради.
Улуғ шоир шеъриятидаги бадиий санъатлар, уларнинг хусусиятлари, истилоҳ ва таърифлари ва шу билан боғлиқ жуда кўп масалаларни алоҳида мавзу сифатида ўрганиш лозимлигини “Ғазал мулкининг султони” номли мақоласида Мақсуд Шайхзода таъкидлаб айтган эди. Таниқли олим А.Рустамов устоз олим белгилаб кетган бу соҳада қимматли тадқиқот яратди. У Навоий асарлари бадиияти сирларини чуқур ўрганиб, “Навоийнинг бадиий маҳорати” номли китоб ёзди ва унда “Навоийнинг бадиий воситалари”, “Навоийнинг қофия ва саъжлари”, “Навоийнинг вазнлари” номли сарлавҳалар остида шоир маҳорати, ижодининг бадиий етуклиги асосларини чуқур тадқиқ қилиб беришга муяссар бўлди.
Алишер Навоийнинг адабий-эстетик қарашлари таниқли олим Ҳ.Қудратуллаев илмий ишларида ўзининг кенг ва батафсил ифодасини топди.
Замонавий навоийшуносликда М.Имомназаровнинг алоҳида ўрни борлигини таъкидлаш зарур. Олим Алишер Навоий асарлари конкордансининг илмий ва услубий тадқиқи бўйича ўзига хос йўналишини яратган. Унда қайд этилишича, 1967-1990 йиллар (24 йил) давомида Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига оид 107 та алоҳида китоб ва рисолалар, турли нашрларда шоир ижодидан 230 та намуналар ва 2418 та мақола эълон қилинган. Ўз-ўзидан бу қадар катта ҳажмдаги ишларда Алишер Навоий мероси талқинида ўхшаш ва фарқли жиҳатлар бўлиши табиий эканлигини қайд этади олим.
Навоийшунос олим Ш.Сирожиддиновнинг “Алишер Навоий. Манбаларнинг қиёсий-типологик, текстологик таҳлили” номли монографиясида 20 дан ортиқ муаллифларнинг асарларида буюк ўзбек мутафаккири ва шоирининг ҳаёти ҳамда фаолиятига баҳо берилгани таъкидланади. Монографияда келтирилган асарларнинг аксарияти форс тилида ёзилган бўлиб, улардан, Навоий қаламига мансуб шахсий қайдлардан ташқари, фақат иккитаси туркий тилда битилган. Булар – Ҳусайн Бойқаронинг “Рисола” ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асарларидир.
Навоийшунослик фанининг мустақиллик йилларида янги миллий мафкуравий дунёқараш ва илмий-тадқиқот мезонлари доирасида тараққий этишида навоийшунос олима Д.Салоҳийнинг ҳам хизматлари бор. Унинг буюк шоирнинг бадиий-эстетик ва ижтимоий-фалсафий қарашларини ифода этган девонларига бағишланган тадқиқотлари адабиётшунослик учун муҳим аҳамият касб этади. Олима «Навоийнинг шеърий услуби масалалари” номли монографиясида шоир поэтик услубининг тадрижий такомилига боғлиқ масалаларни атрофлича ёритиб беради.
Навоийшунослигимизнинг кейинги даври вакиллари ҳам навоийшунослик шеършунослиги соҳасида ўзларининг бир қатор изчил илмий тадқиқотларини юзага келтирдилар. Шоир девонлари манбалари, текстологияси ва герменевтик талқинлари соҳасида А.Эркинов, шоир лирикаси тасаввуфий талқинлари хусусида К.Муллахўжаева, Д.Юсупова, З.Мамадалиева, Н.Бозорова, Н.Бекова, М.Ражабова, О.Давлатов, З.Ҳамидова, А.Раззоқов, Н.Рамазонов, М.Асадовлар ўзларининг қимматли тадқиқотларини яратдилар.
Навоий назмиётини ўрганишнинг мазкур хронологияси назарий нуқтаи назардан амалга оширилган асарлар юзасидан бўлиб, бу соҳадаги матншунослик, яъни шоир лирик меросининг илмий-танқидий матнини яратиш мақсадида олиб борилган тадқиқотлар ҳам катта аҳамиятга эгадир.
Ўзбекистонда ўзбек навоийшунослиги катта илмий-ижодий ривож ва муваффақият билан давом этмоқда.
Исроил Сулаймонов,
Самарқанд давлат университети
доценти, филология фанлари доктори