Ўзбек кулолчилиги Хитойда эътироф этилмоқда
Шу кунларда Хитойнинг Цзиндэчжэнь шаҳрида “2026 China Jingdezhen International Ceramic Expo” халқаро кулолчилик кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Мазкур нуфузли халқаро тадбирда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар қаторида Ўзбекистон ҳам ўз миллий ҳунармандчилиги ва бой маданий меросини намойиш этмоқда.

Кўргазмадаги Ўзбекистон миллий павильонида ўзбек кулолчилигига оид ноёб намуналар, жумладан, мовий ва феруза рангли лаганлар, нафис кўзалар, қўлда безатилган чой тўпламлари ҳамда миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари тақдим этилган.

Миллий стендимиз маҳаллий ва хорижий ташриф буюрувчилар, санъатшунослар ҳамда халқаро экспертларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Меҳмонлар ўзбек кулолчилик мактабларининг кўп асрлик анъаналари, миллий нақшлар жозибаси ва ҳунармандларимизнинг юксак маҳорати билан яқиндан танишмоқда.

Маълумки, мамлакатимиз ҳунармандчилигининг халқаро майдонда намойиш этилиши миллий маданий меросимизни дунёга кенг тарғиб қилиш, маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда ўзбек усталарининг ижодий салоҳиятини халқаро миқёсда танитишга хизмат қилади.
Г.Бобоева,
ЎзА