"Ўзбек карвони" Чехияга ҳам етиб борди
Қирғизистонлик шоир ва таржимон Раҳим Карим ўзбек тилидан рус ва инглиз тилларига ўгириб, нашрга тайёрлаган "Ўзбек карвони" китоби АҚШ ва Канадада чоп этилган эди.
600 бетдан иборат ўзбек шеърияти антологиясининг бир нусхаси куни кеча Чехияга ҳам етиб борди.
Мумтоз ўзбек шоирлари Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машрабдан бошланиб Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиева, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Муҳаммад Юсуф, Сирожиддин Саййид, шоирлар Турсунбой Адашбоев, Собит Мадалиев, Шавкат Раҳмон, Равшан Файз шеърлари билан давом этган ушбу китоб адабиёт мухлислари эътиборини тортиши шубҳасиз.
Маълумотларга кўра, эндиликда ушбу китоб Чехия Республикасининг Оломоуц шаҳрида жойлашган Палацкий номидаги университетнинг адабиётшунос олимлари томонидан "Марказий Осиё халқлари адабиёти" лойиҳаси доирасида ўрганилади.
Н.Усмонова, ЎзА