Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Шуҳрат Орифнинг янги шеърий китоби Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида инглиз тилида нашрдан чиқди.
Шоирнинг китоби “The Flying Leaf” (“Учаётган япроқ”) номи остида “VK Global Publications” нашриёт уйи томонидан чоп этилган.
Китоб тақдимоти 2026 йилнинг январь ойида дунёдаги нуфузли китоб кўргазмаларидан бири — “New Delhi World Book Fair” доирасида ўтказилиши режалаштирилган. Шоир шеърларини инглиз тилига истеъдодли шоира Мунира Норова таржима қилган.
Таъкидлаш лозимки, Шуҳрат Ориф ўзбек адабиётини хорижда фаол тарғиб қилиб келаётган ижодкорлардан бири ҳисобланади. Жорий йилнинг сентябрь ойида шоирнинг “Mavi erk” китоби турк тилида Анқарада ва октябрь ойида “44-куз” китоби Бишкек шаҳрида қирғиз тилида чоп этилган эди.
2025 йил ижодкор учун омадли келди. У Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига асосан “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.
Шоирнинг туркий халқлар адабий алоқаларига қўшаётган ҳиссаси Туркий маданият халқаро ташкилоти томонидан ТУРКСОЙ медали билан эътироф этилди. Шуҳрат Ориф жорий йилда ТУРКСОЙ Ёзувчилар уюшмаси ва Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди.
ЎзА