Ўзбек ипагига хорижликлар талаби ортмоқда
“Ўзбекипаксаноат” уюшмасида Покистон давлатининг хом ипак импорти билан шуғулланадиган “Namal international” компанияси раҳбари Ражаб Ҳусаин билан учрашув бўлиб ўтди.
Маълумки, мамлакатимиз инвестицион жозибадор юртга айланиб бормоқда. Ипакчилик соҳасида кластер, яъни ипак қурти учун зарур озуқа манбаси бўлган тутзорлардан тортиб, пиллани қайта ишлаш корхоналарида ипак ишлаб чиқариш, ундан тайёр маҳсулот олишгача бўлган жараён Ўзбекистонда узвий занжир асосида йўлга қўйилган. Бу албатта, хорижий инвесторларни ўзига жалб қилади.

Учрашувда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Баҳром Шарипов Ўзбекистонда ипакчилик соҳасидаги қулай инвестицион шароитлар ва имкониятлар яратилганлиги, бу борада ҳали бозор тўлиқ эгалланмаганлиги, соҳага тегишли ишлаб чиқариш корхоналари 7 йил мобайнида эркин фаолият кўрсата олиши ҳақида фикр билдирди.
Томонлар ўзаро манфаатли бўлган ҳамкорлик шартлари, нархларнинг бозор майдонидан келиб чиққан ҳолда белгиланиш тартиблари ҳақида келишиб олишди.

– Юртимизда 76 та пиллани қайта ишлаш корхоналари мавжуд бўлиб, шулардан 80 фоизи олдиндан тўлов асосида буюртма бўйича ишлайди, – деди Баҳром Шарипов.– Агар юқори сифатли ипак маҳсулоти сотиб олишни истасангиз, буюртма олган фабрикаларга сифатни назорат қилувчи мутахассисни бириктириб қўйишингиз мумкин. Бунинг учун биз барча шарт-шароитларни яратиб берамиз.
Меҳмонлар пиллани қайта ишловчи корхонларга таклиф этилди. Учрашув сўнгида ҳамкорлар уюшманинг шоурумини кўздан кечирди.

Гулноза Бобоева, ЎзА