Ўзбек ареал тилшунослиги асосчиси
Тил миллат ғурури, инсоният ривожи ва келажак равнақини белгиловчи омил саналади. Юртимизда тилшунослик деб аталмиш соҳанинг яшаб ўтган ва ҳозирда орамизда бўлган катта ҳаётий тажрибага эга, илми, теран тафаккури, миллатпарварлиги, халқпарварлиги билан ажралиб турувчи кўплаб фидойи инсонлар бор. Улар Шоназар Шоабдураҳмонов, Ғанижон Абдураҳмонов, Азим Ҳожиев, Мазлума Асқарова, Ренат Дониёров, Ҳамид Неъматов, Абдуҳамид Нурмонов, Эргаш Умаров, Низомиддин Маҳмудов, Шуҳрат Сирожиддинов, Ҳамидулла Дадабоев каби улуғ вакилларидир. Улар қаторида юксак маънавиятли, улуғ инсон Самихон Аширбоевнинг ўрни беқиёсдир.

Баъзи бир инсонлар улуғ ёшга етганида, илмий-педагогик фаолиятини тўхтатади, қариликни бўйнига олади-да, уйдан чиқмай қўяди. Самихон Аширбоев ундай эмас, унинг жисмида кексалик аломатлари бўлса ҳам, руҳи тетик, бардам, худди ёшлар каби қалбида эзгу туйғулар туғён уради.
Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди устида иш олиб борган тадқиқотчилар, адабиётшунослар, тилшунослар, файласуфлар, тарихчилар, албатта, Навоий руҳига эргашади, улуғ мутафаккир шоир илгари сурган эзгу ғоялар таъсирида яшайди ва ўзи билмаган ҳолда ҳаётда Алишер Навоий қарашлари тарғиботчисига айланиб қолади, юриш-туришда ҳам Ҳазрат Навоийга эргашади.
Алишер Навоийда бир байт бор: “Кимки илмни ўзига жоҳ этар, Ўзини-ю халқини гумроҳ этар” деган. Табдили шуки, “Ким илмни мартаба, амал учун ўрганса, ўзини ҳам, халқини ҳам чоҳга олиб боради”. Шу маънода устоз Самихон Аширбоев илмни амал, бойлик орттириш учун ўрганмади, балки халқига ёрдами, бошқаларга нафи, кўмаги тегиши учун ўрганди.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида биргина хато ҳам жиддий фожиаларга олиб келиши мумкин эди. Юксак билим, катта ҳаётий тажриба, ниҳоятда босиқлик билан иш кўриш талаб этиларди. Ана шундай бир пайтда олий таълимнинг педагогик мазмунини стандартлаштириш масаласи энг катта муаммога айланган эди. Бу ишни бажаришнинг бир чети Самихон Аширбоев зиммасига тушди ва у бу вазифани ўзидаги юксак салоҳият, йиллар давомида тўплаган билим, тажриба билан юқори даражада уддалай олди. Ҳозирда филологик йўналишларда ўқитилаётган аксарият мажбурий ва ихтиёрий фанларнинг ўқув режаларига киритилиши, фан дастурларининг яратилишида унинг машаққатли меҳнатлари ётганини ҳамма ҳам билавермайди.
Олимнинг 1975 йилда “Ўзбек грамматик қурилишининг ўрганилиши тарихидан” (1875-1917 йиллар) мавзусидаги номзодлик ва 1990 йилда “Алишер Навоийнинг насрий асарларидаги содда гапларнинг таркиби ва маълумотлари” мавзусида ёқланган докторлик диссертациялари, “Ўзбек тилининг тарихий грамматикаси”, “Қадимги туркий тил” каби ўқув-услубий қўлланмалари она тили таълими ривожида ва соҳада илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш ишларида муҳим аҳамият касб этди.
Самихон Аширбоев 2018 йилда ярим асрдан ортиқроқ фаолият кўрсатган Низомий номидаги Тошкент давлат Педагогика университетидан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университетига ишга ўтди. Бу ерга ишга келгач, ёш йигитлардек енг шимариб ишга тушди. Шахсий кутубхонасини университетга кўчириб олиб келди, “Ўзбек диалектологияси” дарслигини янгилади, қайта нашр эттирди, “Ареал лингвистика” фанидан дарслик чоп эттирди. Шевашунослик марказини бошқарди, анжуманлар ташкил этди.
Унинг раҳбарлигида З.Хидралиеванинг “Ўзбек тилининг Иқон шеваси”, А.Турдиалиевнинг “Денов шевасини ареал ўрганиш ва тил корпусига жойлаштириш”, Э.Алимардоновнинг “Хоразм диалектал зонасида ўзбек ва туркман шеваларининг ўзаро таъсири”, В.Алимбекованинг “Жануби-шарқий Андижон лингвоареали тадқиқи” номли диссертациялари ёқланди. Ўзбекистондаги ўзбек-араб, маҳаллий турк, ўзбек-қозоқ, ўзбек-қирғиз тилларининг ареал жиҳатларига бағишланган бир қанча диссертацияларини якунлаш жараёнлари кетмоқда.
Самихон ака сиртдан инжиқ кўринса-да, аслиятида самимият бор, ўзидан кўра кўпроқ бошқаларни ўйлайди, ўз оиласи ва атрофидагиларга нисбатан эътиборли, меҳр-муҳаббат кўрсата оладиган инсон. Мен у устозни аср билан бўйлашишга қодир характерли, сабр-бардошли, юраги тўла дард бўлса ҳам асло билинтирмайдиган, худди теран дарё каби вазмин оқадиган инсонга қиёслайман.
Ислом оламининг кўзга кўринган авлиёларидан бири Биби Робия Адавия бир тўртлигида шундай деб ёзган эди:
Асл ғаввос бўлсанг, дурни кўргайсан,
Соф бўлсанг, кетар чоғ ҳурни кўргайсан.
Ҳамма ёқ зулмат деб шикоят қилма
Ўзингда нур бўлса, нурни кўргайсан...
Самихон Аширбоев тил илмининг асл “ғаввослари”дан, тил уммони тубидан ўз халқи, талабалари учун “асл дур”ларни топиб олиб чиққан замондошларимиздан. Замондан, ҳамкасбларидан нолимайдиган, ҳаёт ташвишларини улар билан бирга торта оладиган улуғ зотлардан.
Устоз каби улуғ инсонлар ҳаёти, фаолияти кўплар учун ибрат мактабидир.
Ўзининг қутлуғ саксон ёшини нишонлаётган устозга соғлик-саломатлик, янада узоқ умр, ҳамиша эл-юрт ардоғида бўлишлигини тилаб қоламиз.
Абдулҳай Собиров,
Андижон давлат университети профессори, филология фанлари доктори.
ЎзА.