Ўзбек адибининг асарларини Сербияда ҳам ўқишмоқда
Сербияда чоп этиладиган «Севески» («Дафтарлар») номли нуфузли адабий журнал ўзининг кўп йиллик анъана ва тутумига содиқ ҳолда ҳозиргача Сербиянинг машҳур адиб ва шоирларининг ижоди ва дунё ёзувчиларининг бадиий жиҳатдан юксак асарларини чоп этиб келади.
Мазкур нашрнинг декабрь сонида таниқли ўзбек адиби Қўчқор Норқобилнинг учта ҳикояси эълон қилинди. Адибнинг "Олисдаги тасодиф", "Гулгўзал", "Улар барибир ўқишмайди" деб номланган умуминсоний руҳдаги ҳикоялари серб ўқувчиларига манзур бўлади, албатта.

"Мен мамнуният ва ишонч билан айтишим мумкин, Қўчқор Норқобилнинг ўтган йили Сербиянинг "Галакциянис" нашриётида чоп этилган "Кўзларингни кўргани келдим" китоби серб адабий жамоатчилиги эътирофига сазовор бўлди ва ўзбек халқи, гўзал Ўзбекистон ҳақида ёрқин тасаввурлар пайдо қилди. Эндиликда ўзбек адиби Қўчқор Норқобилнинг "Олис ўлкадаги тасодиф" деб номланган яна бир китоби Сербияда нашрга тайёрланмоқда. Китоб 2023 йилнинг январь ойида чоп этилади", дейди сербиялик адиба ва таржимон, профессор Валентина Новкович.
Эслатиб ўтамиз, асарлари дунё бўйлаб тарқалаётган адибимиз Қўчқор Норқобилнинг шу йил ўрталарида ҳам Сербиядаги "Исток" журналида ҳикоялари чоп этилиб, серб ўқувчиларида қизиқиш уйғотган эди.
ЎзА