Ўзбек адабиётининг қаҳрамони (+видео)
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармонига асосан адабиётшунос олим, ёзувчи таржимон Иброҳим Ғофуровга «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони берилиб, олий нишон — «Олтин юлдуз» медали топширилди.
Президентимиз мукофотланганларни тақдирлаш маросимида Иброҳим Ғофуров ҳақида гапирар экан, – “Иброҳим акам ҳам меҳнат қилиб, шукроналикда катта бўлган, мана шу адабиёт соҳасида ёзувчиларимиз, шоирларимиз бу инсонни устоз дейишади. Бу инсонга ҳалоллик, поклик бўйича муносиб бўлишга ҳаракат қилади. Очиқ гап мен Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов билан дўст эдим. Эркин Воҳидовнинг бир иборалари бор эди, агар ўзбек тилининг буюклигини билмоқчи бўлсанг Иброҳимжондан сўраш керак, дерди. Биласизларми мен очиқча айтсам мана шундай одамлар ўрнак бўлиши керак бизга” – дея таъкидлади. Иброҳим аканинг юксак унвонга муносиб кўрилиши адабиёт ихлосмандларини ҳам қувонтирди. Иброҳим акани юксак унвон билан табриклаш билан бирга, айни қувончли кунларда суҳбатларини ҳам олдик.
– Мана кечаги мустақиллигимизнинг ўттиз йиллиги муносабати билан Президентимиз чиқарган тарихий ҳужжатларда қанчадан-қанча ватандошларимиз ўзларининг иш фаолиятлари, амалиётлари бир қанча даврдан бери олиб бораётган иш жараёнлари учун муносиб тарзда тақдирланишди. Тақдирланиш ҳеч қачон номуносиб бўлмайди ва тақдирланиш ҳеч қачон ўз-ўзидан бўлмайди. Мамлакат миқёсида жараёнларни олиб қарасангиз бу тақдирланиш деган нарса тасодифий эмас. Мен бир камтар, балки тақдирланганларнинг олдида балки ўзимни ҳеч нарса деб биларман. Лекин, етмиш йилдан бери таржима соҳасида, таълим соҳасида, адабиётшунослик, адабий танқид бўйича баҳоли қудрат хизмат қилдим. Достоевскийнинг бешта йирик романини ўттиз йил ичида муттасил ўтириб мана шундай столга энгашиб, бурнимни қоғозга ишқаб ўзбек тилига ўгириб чиқдим. “Жиноят ва жазо” дейсизми, “Иблислар”, “Қиморбоз” дейсизми, мана бу йил Достоевскийнинг энг буюк романи “Ака-ука Карамазовлар” ни ўзбек тилига таржимасини тугатишга муяссар бўлдим. Мен буни шунчаки таржима қилган эмасман, менга биров айтган эмас, Иброҳим ака шу Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо” ёки “Телба”романини таржима қилинг деб менга социал “заказ” берган эмас. Менга эллик минг доллар берамиз, Достоевскийнинг “Вафодор эр” деган романини таржима қилинг деган эмас ҳеч ким. Ваҳоланки, шулар айтиши керак эди. Шундай бир одам бор экан, ватандошимиз бор экан Иброҳим ака мана сизга эллик минг доллар, таржима қилинг шуни, ўзбек ўқувчилари бугун, эртага ёки келажакда ўқиб, маза қилиб ҳаёт, инсон таълимотини олиб юрсин деган эмас, мен ўзим қилганман шу ўзбек адабиётининг услублари билан, - дея таъкидлар эканлар, бу гаплардан таржимонликнинг машаққатли меҳнати беихтиёр кўз ўнгизга келади.
Иброҳим Ғофуров “Гўзалликнинг олмос қирралари” , “Унитилмаган боғ”, “Жозиба”, “Ёнар сўз”, “Ям-яшил дарахт”, “Юрак – аланга”, “Лириканинг юраги”, “Шеърият — изланиш демак”, “Ўттиз йил изҳори”, “Тил эркинлиги” сингари адабий танқидий китоблар ёзди.
– Осон деб ўйлайсизми, қаҳрамонлик унвонини олиш, мен минг хоҳлаганимда ҳам осон эмас, жуда қийин ва мураккаб масала. Мана бу ишларимнинг мажмуалари, мавжланиб тургани, худди Муножотхон овозининг замзамалари тинимсиз мавжланиб тургандай менинг ишларим ҳам халқни кўз ўнгида мавжланиб турибди. Ўзим танимайдиган одамлар менга телефон қилишиб, – Домла ҳақиқат юзага чиқар экан-ку, – дейишаяпти. Мен айтдим, нега юзага чиқмайди ҳақиқат, – деб. Шавкат Миромонович мени кўрсалар, ишлаш керак, ҳаммамиз кўп ишлашимиз керак, - деган гапларни ўзимга уч-тўрт марта самимий бир кўриша туриб айтганлар. Шу гаплари юрагимга, қулоғимга ўрнашиб қолган. Бекорга айтмаяптилар, ишлаш керак, – деб. Мен саксондан ошган одамман, менга мамлакат раҳбарининг ишлаш керак, – деб даъват қилиши шарт эмас. Лекин, у ишониб турибдики, мана шу рўпарасидаги домланинг ҳам қўлидан бир иш келади.
Бугун Иброҳим аканинг кайфияти ниҳоятда баланд. Ушбу кайфият оқсоқол ёзувчимизни ҳеч қачон тарк этмасин. Ўзбек адабиётининг қаҳрамонига қўшалоқ байрам муборак бўлсин деймиз.
<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/srGfL5zET3w" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>ЎзА