“Ўзархив” агентлигининг бир йиллик фаолияти таҳлили
Миллий матбуот марказида “Ўзархив” агентлиги томонидан жорий йил агентлик тизимида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Маълум қилинишича, 2021 йилда агентлик томонидан кўрсатилган хизматларнинг умумий ҳажми 26,8 миллиардни ташкил этган. Шунингдек, агентликка жорий йил давомида жисмоний ва юридик шахслардан жами 830 та, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси орқали 690 та, “ишонч” телефони орқали 8 та, ёзма тарзда 132 та мурожаатлар келиб тушди.
Республика давлат архивларига эса жами жисмоний ва юридик шахслардан 4 минг 128 та мурожаатлар келиб тушди. Мазкур мурожаат ўрнатилган тартибда кўриб чиқилди.
Шунингдек жорий йил давомида давлат архивларга 129 минг 409 та мавзули, 633 минг 293 та ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровлар келиб тушган. Шундан 72 фоиз ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровлар Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали келиб тушган.

Архив ҳужжатлари асосида кўриб чиқилган сўровларнинг 94 фоизи ижобий ҳал этилган. Қолаверса, ташкилот ҳужжатлари архив сақловига келиб тушмаган ва таалуқлилиги бўйича тегишли ташкилотларга юборилган сўровлар 29,5 фоизни ташкил этган.
“Ўзархив” агентлиги ва ҳудудий бошқармалар томонидан ташкилотлар ҳамда корхоналарда архив иши ва иш юритиш ҳолати устидан давлат назоратини амалга ошириш бўйича 2021 йил давомида 168 та ташкилот ва корхоналарда назорат текширувлари ўтказилиб, текширув натижасида ташкилот ва корхоналарга 45 та тақдимномалар киритилган ҳамда 3 та маъмурий баённомалар тузилган.
My.mehnat.uz тизими билан “Архив иши” ягона ахборот тизими интеграция қилиниб, Иш стажини тасдиқлаш хизмати ишга туширилди. “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашган платформасига my.archive.uz “Ўзархив” агентлиги электрон давлат хизматлари портали муваффақиятли уланди.
Жорий йил 9 июнь “Халқаро ахивлар куни” арафасида Бухоро вилояти Когон шаҳар давлат архиви ҳамда Навоий вилояти Навоий шаҳар шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архиви ва Конимех тумани давлат архиви, 25 декабрь куни Сирдарё вилояти Янгиёр туман давлат архиви янги архив бинолари фойдаланишга топширилди.
Сирдарё вилояти ва Жиззах вилояти Ғаллаорол туман давлат архивлари янги бинолари қурилиш ишлари якунига етказилиб, фойдаланишга топшириш арафасида.
Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларининг электрон шаклини яратиш ишлари жадаллаштирилиб, 209 минг сақлов бирлигида қоғоз асосидаги 13,7 миллион кадр (режага нисбатан 114 %) электрон нусхалари яратилди, алоҳида қимматли ҳужжатларни электрон шаклга ўтказиш кўрсаткичи 37,7 фоизга етказилди.
Агентлик ҳузуридаги Архив иши ва иш юритиш бўйича малака ошириш илмий-методик марказида жами 1 минг 28 нафар тингловчилар малака оширди.
Матбуот анжуманида яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлаш ва “Мавзули сўровларни ижро этиш” давлат хизматини кўрсатиш бўйича электрон хизматлар Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ишга тушгани ҳамда суд қарорлари бўйича давлат архивларидан маълумотномаларни олиш юзасидан E-XSUD тизимлари билан интеграциялашуви орқали йўлга қўйилгани қайд этилди.
Шунингдек, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда “Ягона биллинг” тизими интеграция қилинди ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган пуллик хизматлар бўйича онлайн тўлов тизимлари жорий этилди.
Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги тизимидаги барча давлат архивлар интернет тармоғига уланган бўлиб, шундан 68 фоизи оптик толали интернет тармоғи билан таъминланди.
Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) иштирокчи давлатлари архив хизматлари раҳбарларининг Маслаҳат кенгашига МДҲ Иқтисодий кенгашининг 2004 йил 3 декабрдаги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги 2021 йил 24 февралдан расман аъзоси бўлиб қўшилди.
“Архив иши” ягона ахборот тизими бугунги кунда такомиллаштирилиб давлат архивлари сақланаётган шахсий таркибга оид фондларни қамраб олган 80 мингдан зиёд маълумотлар базалари шакллантирилди ва доимий электрон база маълумотлари янгиланиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистон архивлари” ҳужжатли фильми тасвирга олингани қайд этилди. Шунингдек, “Ўзархив” агентлиги томонидан “Ўзбекистон архивлари” ахборот китоб-албоми чоп этилиб, “Мустақиллик 30” веб-сайти ишга туширилгани маълум қилинди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА