Ўзаро тажриба алмашиш – ютуқлар омили
Сирдарёда Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар иштирокида «Жамият ва оммавий ахборот воситалари» мавзуида минтақавий семинар ўтказилди.
Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров давлатимиз раҳбарининг жорий йил 26 июндаги Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табригида журналистика соҳаси ривожига қаратилган қатор долзарб вазифалар белгилаб берилганини алоҳида таъкидлади.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, «Зарафшон» ва «Самаркандские вестник» газеталари бош муҳаррири Фармон Тошев, «Халқ сўзи» газетасининг Сирдарё вилояти бўйича мухбири Аҳмадали Шерназаров, «Булунғур ҳаёти» газетаси муҳаррири Ғуломжон Ўролов, сирдарёлик таниқли журналист Мунаввар Пардаев ва бошқаларнинг «Ўрганмоқ, ўргатмоқ, ўзаро тажриба алмашмоқ – ютуқлар омили», «Менга мавзу эмас, кўз беринг», «Қисқа ва лўнда ёзиш синоати», «Муносиб шогирдлар тайёрлаш – ҳар бир устоз журналистнинг бурчи» каби мавзулардаги маърузалари тингланди.
Тадбир иштирокчилари вилоятда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, жумладан, Сирдарё туманидаги «Пенг-шенг» Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси ва унинг қошида ташкил этилган фермер хўжалиги фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.
– Журналист юрт, дунё кезиши, ўзгариш ва янгиланишларни ўз кўзи билан кўриши керак, шу билан бирга тез-тез ҳамкасблари билан мулоқот қилиб туриши, тажриба алмашиши лозим ва бу – жуда муҳим, – дейди «Жиззах овози» газетаси бош муҳаррири Саид Донишев. – Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган айни тадбир орқали биз ана шу имкониятлар – ҳудудда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишиш, Самарқанд, Сирдарё ва тошкентлик ҳамкасбларимиз билан соҳага оид долзарб масалалар хусусида фикр алмашиш, янада яқинроқ танишиш имконига эга бўлдик, бир сўз билан айтганда, у ҳар жиҳатдан фойдали бўлди.
Семинар якунида бир гуруҳ сирдарёлик фаол журналистларга Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг фахрий ёрлиқлари, Уюшма аъзолигига қабул қилинган соҳа ходимларига гувоҳнома ва кўкрак нишонлари, шунингдек, тадбирнинг фаол қатнашчиларига ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди, дея хабар беради Журналистлар уюшмаси ахборот хизмати.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА