Ўзаро божхона ҳамкорлиги ривожланади
Туркия Республикаси савдо вазири Рухсар Пекжан бошчилигидаги делегация жорий йил 8 апрель куни Давлат божхона қўмитасида бўлди.
Давлат божхона қўмитаси раиси М.Азимов меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, икки томонлама учрашувда ўзаро божхона ҳамкорлигини янада ривожлантириш истиқболлари, божхона-савдо тартиботларини соддалаштириш, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига кўпроқ қулайликлар яратиш, божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва ҳамкорликнинг бошқа бир қатор устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоизки, Туркия Республикаси Президентининг 2018 йил баҳорида Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида Давлат божхона қўмитаси билан Туркия Республикаси Савдо вазирлигининг Божхона бош директорати ўртасида “Қўшма божхона кенгаши” ташкил қилинган эди.
Ўтган қисқа фурсат давомида мазкур Кенгаш фаолияти контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш, божхона назорати самарадорлигини ошириш ва божхона тартиб-таомилларини тезлаштириш, божхона кўригида қўлланиладиган технологияларни такомиллаштириш каби йўналишларда ўзаро самарали ва манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этди.
Кенгашнинг биринчи йиғилиши 2019 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган бўлиб, учрашувда Кенгашнинг иккинчи йиғилишини келгусида Анқара шаҳрида ўтказишга келишилган эди.
Тадбирда томонлар “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан Туркия Республикаси Савдо вазирлиги ўртасида ташқи савдо статистикаси соҳасида методологик ва ахборий ҳамкорлик қилиш тўғрисида”ги Баённомани имзолади.
Мазкур Баённомага асосан божхона хизматлари икки томонлама савдо йўналишида ўз давлатларининг ташқи савдо соҳасидаги маълумотлари муҳимлиги, аниқлиги ва ўзаро мутаносиблигини таъминлаш бўйича ҳамкорлик қилади.
Баённома божхона статистикаси соҳасидаги маълумотларнинг ҳаққонийлигини ошириш, тадбиркорлик субъектлари томонидан товарлар ҳақидаги маълумотларни тўлиқ ва тўғри декларацияланишини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатларини аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва бартараф қилишда самара беради.
Учрашувда Рухсар Пекжан хоним божхона соҳасида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, божхона соҳасида илғор тажриба алмашишга тайёр эканлигини билдирди.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА