Озарбойжонлик кузатувчи билан учрашув
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Ўзбекистон Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун юртимизга келган “Озарбайжон-Ўзбекистон” дўстлик жамияти раиси Зенфира Қодирова билан учрашув ўтказилди.
Тадбирда Қўмита раиси Рустамбек Қурбонов меҳмонни Ўзбекистонга ташрифи билан қутлаб, сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини ва кўпмиллатли оила туйғусини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган Республика озарбайжон миллий маданий маркази хусусида маълумот берди.

Меҳмон ўзбек ва озарбайжон халқларининг маданияти, тили, дини ва қадриятлари умумий эканини билдириб, илиқ ва самимий қабул учун миннатдорчилик изҳор қилди. Озарбайжон-Ўзбекистон дўстлик жамиятининг фаолияти хусусида маълумот берди.
Хусусан, у яқинда Озарбайжон чет тиллари универстетида Ўзбекистон элчихонаси билан ҳамкорликда 21 октябрь – Ўзбек тили байрами кунига бағишланган илмий-амалий конференция ташкил қилингани, ўзбек адабиёти, санъати, маданиятига алоқадор бўлган таниқли инсонлар томонидан қизиқарли маърузалар қилингани, тадбир доирасида ўзбек миллий таоми – палов тарқатилганини айтиб ўтди.

Шунингдек, ушбу тадбирда университет ректори томонидан Ўзбекистон миллий маданият марказини ташкил қилишни таклиф қилгани хусусида маълумот берди.
З.Қодированинг айтишича, ташкил этилиши мумкин бўлган айни марказ учун университетдан алоҳида хона ажратиб берилади. Ушбу таклиф Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчихонаси томонидан илиқ кутиб олинган. Дўстлик жамияти вакиллари марказ очилишига умид билдиришди.

Шунингдек, меҳмон Озарбайжон Республикаси ҳам ҳудди Ўзбекистон каби кўп миллатли мамлакат эканини, Озарбайжон сиёсатининг асосий йўналишларидан бири ҳам айнан мамлакатда миллатларо тотувликка қаратилганини ва айни ўлкада ҳам турли тилларда дарслар ўтилишини билдирди.
Тадбир доирасида икки томонлама ҳамкорлик борасида келгусидаги ишлар ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунида мартабали меҳмон “Ўзбекистон умумий уйимиз” китоби ва “Ўзбекистон” журналларининг махсус сонлари билан таништирилди.
Н.Усмонова, ЎзА