Озарбайжон ва Ўзбекистон: абадий дўстликдан муштарак келажак сари
Озарбайжон Миллий Мажлиси томонидан 2026 йил 3 ноябрь куни Озарбайжон Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги Абадий дўстлик тўғрисидаги шартномани ратификация қилиши икки қардош мамлакат муносабатида тарихий аҳамият касб этади. Моҳиятан, ушбу ҳужжат халқларимиз ўртасида асрлар давомида шаклланган дўстлик ва биродарлик риштаси давлатлар аро даражада изчил мустаҳкамланаётгани ифодасидир.

Аслида, Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатга фақат дипломатик алоқа, сиёсий мулоқот ва иқтисодий ҳамкорлик доирасида баҳо бериш тўғри эмас. Зеро, алоқаларимиз замирида муштарак тарих, туркий дунёнинг бой маданий мероси, маънавий яқинлик ва ўзаро ишонч мужассам. Айни омиллар шериклигимизга алоҳида мазмун, хусусият бағишлайди.
Бугун Озарбайжон ва Ўзбекистон нафақат мавжуд алоқаларини ривожлантирмоқда, балки келажак авлодлар учун узоқ муддатли ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдеворини ҳам барпо этмоқда.
Иқтисодий ҳамкорлик: бир миллиард долларлик марра сари
Мамлакатларимиз иқтисодий ҳамкорлиги кўламини кенгайтириш даврнинг асосий вазифасидир. Товар айирбошлаш қийматини 2030 йилга қадар бир миллиард долларга етказиш муҳим мақсад сифатида белгиланган. Ҳозир ушбу кўрсаткич 800 миллион долларга яқинлашгани муносабатларимиз жадал ривожланаётганидан далолат.
Ўзбекистон Озарбайжоннинг Марказий Осиёдаги энг йирик, Туркий давлатлар ташкилоти доирасида эса иккинчи савдо ҳамкори ҳисобланади. Бу ҳолат ўзаро иқтисодий алоқа нафақат икки томонлама, балки кенгроқ минтақавий ҳамкорлик нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эгалигини кўрсатади.
Табиийки, мавжуд салоҳият эришилган натижа билан чекланмайди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, қайта ишлаш, инвестиция ва тадбиркорлик соҳаларида қўшма ташаббусларни кўпайтириш орқали шерикликни янада чуқурлаштириш мумкин. Айниқса, ўзаро сармояни рағбатлантириш ва қўшма ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиш ҳар икки мамлакат иқтисодий имкониятини кенгайтириш учун янги истиқбол очади.
Энергетика ва транспорт: минтақавий ҳамкорликнинг янги йўналишлари
Ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири энергетика соҳасидир. Озарбайжон энергетика компаниялари Ўзбекистондаги қўшма лойиҳаларга қўшилаётгани соҳадаги ўзаро манфаат аниқ иқтисодий ташаббусларга айланаётганидан дарак беради. Айни жараёнда тажриба алмашиш, сармоявий имкониятдан фойдаланиш ва янги технология жорий этиш келгуси кун тартибида алоҳида ўрин эгаллаши кутиляпти.
Транспорт ва логистика соҳаси ҳам шерикликнинг истиқболли йўналишидир. Озарбайжоннинг географик жойлашуви ва ривожланган транспорт инфратузилмаси Ўзбекистоннинг халқаро бозорлар, хусусан Европа йўналишидаги савдо йўлларига чиқиш имкониятини кенгайтиради.
Бу борада Ўрта йўлакнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ўзбекистондан Туркманистон орқали Каспий денгизига, кейин Озарбайжоннинг Алат порти ва сўнгра Европага олиб борадиган йўналиш Марказий Осиё билан Европа ўртасида муҳим иқтисодий ва логистика занжирини яратади.
Ўрта йўлак шунчаки юк йўли эмас, балки минтақа мамлакатлари иқтисодий интеграциясини кучайтирадиган, янги сармоялар учун имкон яратадиган, жараённинг халқаро савдодаги аҳамиятини оширадиган стратегик платформадир.
Лойиҳа кўламини кенгайтириш Озарбайжоннинг минтақавий логистика маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш баробарида Ўзбекистоннинг жаҳон бозорига чиқишини янада осонлаштиради.
Демак, транспорт соҳасидаги ҳамкорлигимиз икки томонлама манфаатдан анча кенг мазмун касб этиб, бутун Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва Европа ўртасидаги иқтисодий алоқа ривожланишига хизмат қилади.

Гуманитар ва ижтимоий алоқа – халқларни бирлаштирувчи маънавий кўприк
Озарбайжон – Ўзбекистон дўстлиги мустаҳкамлиги фақат иқтисодий кўрсаткич ва сиёсий ҳужжатлар билан ўлчанмайди. Бу муносабатнинг энг муҳим таянчи халқларимиз ўртасидаги тарихий ва маънавий яқинликдир.
Йил сайин одамларимиз бир-бирини янада яқиндан танимоқда, муштарак тарих ва маданий меросни чуқурроқ ўрганмоқда, янги ҳамкорлик имкониятларини кашф этмоқда. Олий таълим, илм-фан, кино, туризм ва маданият соҳаларидаги алоқалар кенгайиши яқинликни янада мустаҳкамлаяпти.
Бу борада нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлиги ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Фуқаролик жамияти институтлари халқлар ўртасидаги бевосита алоқаларни ривожлантириш, жамоатчилик мулоқотини кенгайтириш ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашда муҳим ўрин эгаллайди. Қўшма ижтимоий лойиҳалар, халқаро конференциялар, ёшлар дастурлари ва тажриба алмашиш ташаббуслари ушбу йўналишда янги имкониятлар яратиши шубҳасиз.
Хусусан, медиа соҳасидаги ҳамкорлик алоҳида эътибор талаб қилади. Замонавий даврда ахборот макони давлатлар аро муносабатнинг муҳим таркибий қисмига айланди. Икки мамлакат оммавий ахборот воситалари ўртасидаги алоқалар кўламини кенгайтириш, журналистларнинг ўзаро сафарларини ташкил этиш, қўшма ҳужжатли фильмлар яратиш, медиа форумлар ўтказиш, ўқув дастурларини йўлга қўйиш икки мамлакат ахборот макони ўртасида янада мустаҳкам кўприк яратади.
Айниқса, ёш журналистлар ва медиа мутахассисларини ўзаро тажриба алмашиш жараёнига жалб этиш келгуси шериклик учун муҳим сармоя бўла олади. Зеро, халқларимиз бир-бирини яқиндан таниши тарих, маданият, кундалик турмуш ва замонавий тараққиёт ҳақида холис ва тўлиқ ахборот алмашишдан бошланади.
Сиёсий мулоқот ва ўзаро ишонч – стратегик шерикликнинг асосий таянчи
Озарбайжон – Ўзбекистон муносабатларининг бугунги юксак даражага кўтарилишида давлат раҳбарлари орасида шаклланган сиёсий мулоқот ҳал қилувчи ўрин тутади. Президентлар Илҳом Алиев ва Шавкат Мирзиёев ўртасидаги ўзаро ишонч, мунтазам мулоқот ва стратегик қарашлар яқинлиги ҳамкорлик турли йўналишларда ривожланишига кучли туртки бермоқда.
Давлат раҳбарлари даражасида шаклланган сиёсий ирода иқтисодий, гуманитар ва минтақавий шериклик учун қулай шароит яратган. Бу ҳолат муносабатларимиз ривожланиши тасодифий жараён эмас, балки изчил сиёсий ёндашув ва узоқ муддатли ўзаро манфаатга асосланганини кўрсатади.

Демак, Озарбайжон ва Ўзбекистон муносабатлари ривожланиши янада кенг геосиёсий ва геоиқтисодий нуқтаи назардан ҳам жуда муҳим. Каспий ҳавзаси, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ҳамкорлиги кучайиши янги иқтисодий имкониятлар яратиш билан бирга, минтақа мамлакатларининг халқаро платформалардаги ўзаро ҳамкорлигини ҳам кучайтиради.
Абадий дўстлик: муштарак келажакнинг сиёсий ва маънавий пойдевори
Бугун Озарбайжон ва Ўзбекистон муносабатлари янги босқичга қадам қўймоқда. Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома ратификация қилиниши жараённинг сиёсий ва ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаб, келгуси ҳамкорлик учун янги имкониятлар ҳам яратади.
Олдимизда товар айирбошлаш миқдорини ошириш, энергетика ва транспорт лойиҳаларини кўпайтириш, Ўрта йўлак имкониятидан янада самарали фойдаланиш, нодавлат ташкилотлар, медиа, илм-фан, таълим ва маданият соҳаларида янги ташаббуслар амалга ошириш каби муҳим вазифалар турибди.
Ҳамкорлигимизнинг асосий устуни халқларимиз ўртасидаги табиий яқинлик, албатта. Сиёсий манфаат ўзгариши, иқтисодий устувор йўналишлар янгиланиши мумкин, бироқ муштарак тарих, маданият ва маънавий қадриятга асосланган дўстлик янада жипслашиб, барқарор хусусият касб этади.
Ишонч билан айтиш мумкинки, Aбадий дўстлик тўғрисидаги шартнома шунчаки икки давлат муносабатини тартибга солувчи ҳужжат эмас. Айни пайт туркий дунёда бирдамлик, минтақавий ҳамкорлик ва муштарак келажакка нисбатан ишончнинг ҳам ёрқин ифодасидир.
Бугун Озарбайжон ва Ўзбекистон нафақат ўз халқлари фаровонлиги, балки бутун туркий дунёни янада жипслаштириш, минтақанинг халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлаш йўлида ҳам бирга ҳаракатланмоқда.
Aбадий дўстлик айнан шундай шаклланади: муштарак тарихдан куч олиб, бугунги имкониятни қадрлаб, келажак авлод учун янада мустаҳкам ҳамкорлик кўприклари барпо этиш орқали.
Афселеддин АҒАЛАРОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, «Azxeber Media» директори, Озарбайжондаги «Ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш» жамоат бирлашмаси раиси