Озарбайжон ННТ вакиллари Самарқандда
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида бу йил юртимизда илк бор декабрь ойининг биринчи ҳафтасида “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” ўтказилмоқда.
Мазкур ҳафталик доирасида 3-6 декабрь кунлари мамлакатимизда Ўзбекистон-Озарбайжон нодавлат нотижорат ташкилотлари форуми ташкил этилди.
Форумда иштирок этиш учун юртимизга келган Озарбайжон делегацияси дастлаб Самарқандда бўлди.
Меҳмонлар вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва миллий маданият марказлари фаолият олиб бораётган Дўстлик уйи билан танишди ҳамда шаҳарнинг диққатга сазовор масканларини томоша қилди.
Дўстлик уйида айни пайтда қирққа яқин ННТ ва 11 та миллий маданият маркази жойлашган. Турли маданий тадбирлар ўтказишга мўлжалланган заллар, миллий маданият марказлари учун музей хоналари мавжуд.
Озарбайжон нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари “Хайрли ният” етим болалар ва ногиронлар хайрия жамияти, маданият ва санъат ходимларининг “Эъзоз” ассоциацияси, Озарбайжон миллий маданият маркази вилоят бўлинмаси вакиллари билан суҳбатлашиб, улар фаолияти ҳақида маълумотларга эга бўлди.
[gallery-20682]
– Озарбайжон ва Ўзбекистон давлат раҳбарларининг яқин дўстлиги ва икки қардош халқ ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилган сиёсати натижасида икки мамлакат нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлиги ҳам кейинги йилларда жадал ривожланиб бормоқда, – дейди Озарбайжон Миллий мажлиси депутати, “Евросиё миграция ташаббуслари платформаси” жамоат бирлашмаси раиси Азер Аллахверанов. – Бундан аввал Ўзбекистон фуқаролик жамияти вакиллари Озарбайжонда бўлиб, бизнинг фаолиятимиз билан танишган эди. Энди биз ўзбекистонлик дўстларимиз меҳмонимиз. Аслида, бизни азалий дўстлик, қардошлик алоқалари боғлаб туради. Турмуш тарзимиз, тарих ва маданиятимизда, тилимиз ва динимизда муштараклик кўп. Икки кундан буён Самарқандда бўлиб, бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилдик.
Дўстлик уйида ўтказилган давра суҳбатида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлинмаси бошлиғи Шоим Кенжаев юртимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берди.
“Сабр” республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази ижрочи директори Мадина Раҳимова, Республика болалар ижтимоий мослашув маркази Самарқанд минтақавий филиали директори Отабек Қосимов Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг қонуний асослари, ижтимоий масалаларни ҳал этишда уларнинг роли ҳақида сўз юритди.
– Ўзбекистонга иккинчи маротаба келишим, – дейди Озарбайжон Нуронийлар кенгаши раиси ўринбосари Рамин Гасанли. – Биринчи навбатда Самарқандни зиёрат қилишни режалаштиргандик. Боиси бу маскан биз учун ҳам, қардош бошқа миллат вакиллари учун ҳам муқаддас жой ҳисобланади. Ўйлайманки, форум доирасида йўлга қўйиладиган ҳамкорлигимиз давлатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Озарбайжон делегацияси Самарқанддан Тошкентга жўнаб кетди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари