ЎзА суриштируви: 4 ойлик муаммо қандай ҳал бўлди?
Мурожаатларга жавоб бермаслик ҳам, муаммони орқага суриш ҳам мумкин. Аммо аҳоли дардига қулоқ тутиб, масалани ҳал этишга ҳаракат қилиш — масъулият белгиси. Яқинда ЎзА таҳририяти томонидан бир мурожаат ўрганилди. Тўрт ойдан бери ечимини кутаётган муаммо Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда «TTZ CITY» БСК билан ҳамкорликда бартараф этилди. Бу гал танқид эмас, эътироф учун асос бўлиб келаётган жиҳат — муаммога бефарқ қарамаслик ҳақида гапирмоқчимиз...
Фуқаролар мурожаатига муносабат — ҳар қандай ташкилотнинг иш услуби ва масъулиятини кўрсатадиган муҳим мезон. Айрим идоралар муаммони бартараф этиш учун тезкор чора кўрса, бошқаларида мурожаатга жавоб олишнинг ўзи муаммога айланади. Бироқ, аҳоли дардига қулоқ тутиб, масалани амалий ечимгача етказадиган ташкилотлар ҳам бор. Уларнинг тажрибаси эътирофга ва бошқалар учун ўрнак бўлишга арзийди.
Мурожаатларни ўрганиш жараёнида турли ҳолатларга дуч келамиз. Ўз ваколати доирасидаги вазифаларни ўз вақтида бажарадиган, аниқланган камчиликларни бартараф этишга масъулият билан ёндашадиган, фуқаролар ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига батафсил жавоб берадиган ташкилотлар бор.
Афсуски, мурожаатларга етарлича эътибор қаратмайдиган, саволларга аниқ жавоб беришдан қочадиган ёки муаммонинг ечимини орқага сурадиган идоралар ҳам учраб туради. Бундай ҳолатларда фуқаро нафақат ўз муаммосининг ҳал этилишини кутади, балки масъулларнинг эътиборини қаратиш учун ҳам вақт ва куч сарфлашга мажбур бўлади.
Шу боис аҳоли мурожаатини ўз вақтида кўриб чиқиб, муаммонинг амалдаги ечимига ҳисса қўшаётган ташкилотлар фаолиятини ҳам эътироф этиш муҳим. Зеро, танқид камчиликларни аниқлашга хизмат қилса, ижобий тажрибани оммалаштириш бошқа ташкилотларни ҳам масъулиятли ишлашга ундайди.
Тўрт ойлик мурожаат: муаммо нимада эди?
Яқинда ЎзА таҳририятига келиб тушган мурожаат ҳам аҳоли хавфсизлиги билан боғлиқ жиддий масалага тааллуқли эди. Мурожаатчининг билдиришича, кўп квартирали уйларнинг ташқи фасадларида электр симлари вақтинчалик ечим сифатида деразалар қисмига ўрнатилган бўлиб, улар болалар қўли етадиган баландликда жойлашган.

Бу эса, айниқса, ёш болаларнинг хавфсизлиги юзасидан хавотир уйғотган. Бундан ташқари, уйнинг кириш эшиги ёпилмаслиги оқибатида бегона шахслар, жумладан, бошпанасиз ва маст ҳолатдаги кишиларнинг подъезддан вақтинчалик бошпана сифатида фойдаланишига шароит юзага келган.

Мурожаатчининг айтишича, бу муаммолар юзасидан тўрт ой давомида мурожаат қилинган бўлса-да, кутилган натижага эришилмаган.

Масаланинг аҳамиятини инобатга олган ҳолда, таҳририят томонидан суриштирув бошланди.
Дастлаб кўп квартирали уйга хизмат кўрсатувчи бошқарув сервис компанияси — «TTZ CITY» БСК раҳбари Шохруҳ Шоякубов билан боғланилди. Компания раҳбари мурожаат диспетчер томонидан аввалроқ қайд этилганини ва электр симлари билан боғлиқ муаммони бартараф этиш чоралари кўрилаётганини маълум қилди. БСК раҳбарига кўра, бевосита аҳоли томонидан келиб тушаётган мурожаатларнинг сони кўплиги, айрим керакли мутахассисларнинг вақт графиги, маблағ ажратиш масалалари кўндаланг тургани боис муаммо ечимини кутиб турган. Албатта, бошқарув сервис компаниялари зиммасидаги вазифаларни бажариш жараёнида турли ташкилий ва техник масалаларга дуч келиши мумкин. Шунинг учун муаммони фақат қайд этиш билан чекланмасдан, уни ҳал этишда зарур кўмак ва ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳам муҳим.
Шундан келиб чиқиб, ушбу масала юзасидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати билан ҳам боғланилди. Аҳоли, айниқса, болалар хавфсизлиги билан боғлиқ ҳолатга эътибор қаратиш ва муаммони тизимли бартараф этиш зарурлиги таъкидланди.
Ҳамкорлик натижа берди
Суриштирув давомида вазирлик ва «TTZ CITY» БСК билан ҳамкорликда муаммони ҳал этиш чоралари кўрилди. Натижада мурожаатда кўтарилган масала бу гал ҳам ижобий ҳал этилди. Аҳоли ва болалар хавфсизлиги таъминланди. Сўнг “Мурожаатлар фақат суриштирув бошлансагина БСК томонидан эътиборга олинадими” деган савол билан компанияга бириктирилган бир қатор маҳалла телеграм каналларини кузатиб ҳам, аксарият мурожаатлар ижобий ҳал этиб келинаётгани ва аҳоли томонидан билдирилаётган миннатдорчилик руҳидаги хабарларига гувоҳ бўлдик.
Шу ўринда қайд этиш жоиз, БСК — Бошқарув сервис компаниялари ҳам илгариги оқсоқ, аҳоли “тошбўронлари”га мубтало бўлган ташкилотлар эмас. Энг муҳими, аҳолини ташвишга солган ҳолат эътиборсиз қолмади. Фуқароларнинг мурожаати, ЎзА суриштируви ва масъул ташкилотларнинг ҳамкорлиги амалий натижа берди. Мазкур ҳолат юзасидан аҳоли ҳам ўз миннатдорчилигини билдирди.

Бу ўринда асосий эътиборни бир жиҳатга қаратиш лозим: фуқаронинг муаммоси ҳал этилиши учун турли идоралар ўртасидаги ҳамкорлик қоғозда қолиб кетмаслиги, фуқаролар идорама-идора сарсон бўлмаслиги, муаммолар аниқ амалий натижалар билан якунланиши керак. Вазирлик фаолиятига алоҳида муносиб баҳо беришимизга асосий сабаб эса — ЎзАга аҳоли томонидан келиб тушган мурожаатларнинг биронтаси ҳали ижобий натижасиз қолмагани.
Ижобий тажриба эътирофга лойиқ
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг аҳоли мурожаатларига муносабатини баҳолашда бундай ҳолатлар алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, вазирлик фаолияти фақат соҳавий масалаларни тартибга солиш билан чекланмайди. Унинг тизимида аҳоли яшаш шароитларига, кўп квартирали уйларни сақлаш ва уларга хизмат кўрсатиш сифатига дахлдор кўплаб масалалар ҳам ҳал этилиши лозим.

Вазирликнинг расмий ахборот каналларида ҳам масъул раҳбарларнинг ҳудудларга чиқиб, аҳоли муаммолари билан танишиши ва уларни ҳал этишга қаратилган ишлари ёритиб борилади. Жумладан, вазир ўринбосари Озода Жўраеванинг жойларда аҳоли билан учрашувларда иштирок этиши ва мавжуд муаммоларга эътибор қаратиши ҳақидаги маълумотлар ҳам эътиборга молик.

Шу ўринда эса давлатимиз раҳбарининг “Халқ сенинг олдингга келмасин, сен ўзинг унинг олдига бориб муаммосига қулоқ тут” деган хитоблари ёдимизга тушади...
Дарҳақиқат, раҳбарнинг фаолияти фақат кабинетда қарор қабул қилиш билан эмас, балки ҳудудлардаги ҳақиқий вазиятни ўрганиш, одамларнинг муаммоларини эшитиш ва уларнинг ҳал этилишига кўмаклашиш билан ҳам баҳоланади.
Албатта, ҳар қандай ташкилот фаолиятида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар топилади. Аммо мавжуд камчиликларни яшириш эмас, уларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишга интилиш, фуқаролар билан очиқ мулоқот ўрнатиш ва жамоатчилик назоратига тўғри муносабатда бўлиш — масъулиятли бошқарувнинг муҳим белгилари.
Хулоса ўрнида
Оммавий ахборот воситаларининг вазифаси муаммоларни кўтариб чиқиш, уларнинг сабабларини ўрганиш ва жамоатчилик эътиборини долзарб масалаларга қаратишдан иборат. Бироқ, ижобий натижаларни эътироф этиш, аҳоли манфаати йўлида самарали ишлаётган ташкилотлар тажрибасини оммалаштириш ҳам журналистиканинг муҳим вазифаларидан биридир.
«TTZ CITY» БСК ва Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан боғлиқ ушбу ҳолат муаммони ҳал этишда ўзаро ҳамкорлик ва масъулият қандай натижа бериши мумкинлигини яна бир бор кўрсатди.
Албатта, бир мурожаатнинг ҳал этилиши барча муаммолар бартараф этилганини англатмайди. Аммо бу каби ижобий тажрибаларни эътироф этиш ва оммалаштириш орқали аҳоли мурожаатларига бефарқ бўлмаслик, муаммоларга ўз вақтида муносабат билдириш ва уларни амалий ечимгача етказиш маданиятини мустаҳкамлаш мумкин.
Зеро, давлат хизматининг ҳақиқий мезони — қанча мурожаат қабул қилингани эмас, балки улар ортида турган инсонларнинг муаммоси қай даражада ҳал этилгани. Аслида фуқаро дардини эшитиш, масъулиятни ҳис қилиш ва ижобий натижа учун ҳаракат қилиш — бошқа ташкилотлар ҳам ўрнак олиши лозим бўлган ёндашув.
Моҳичеҳра Эшмирзаева,
ЎзА