ЎзА – “Синьхуа”: ҳамкорликнинг янги босқичи
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА ва Хитойнинг етакчи ахборот агентлиги - «Синьхуа» ўртасидаги яқин, дўстона алоқалар ўзининг кўп йиллик анъанасига эга. Хусусан, бу икки жамоа ҳамкорлиги ҳозиргача 1992 йил 13 мартда имзоланган «Хитой Халқ Республикасининг «Синьхуа» агентлиги ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ўртасида иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги баённома» ҳамда 1998 йил 9 июнда имзоланган «Синьхуа» агентлиги ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА ўртасида ҳамкорлик ва ахборот алмашиш тўғрисидаги баённомага илова» асосида давом этиб келмоқда.
Бугунги кунда халқаро воқеаларни ёритишга оид тамойил, ёндашувлар кескин ўзгариб, тезкор ва ишончли ахборотга талаб ошиб бормоқда. Бу ахборот бозорида ўзига хос фаолликни талаб этади. Шу жиҳатдан агентликлар ўртасида имзоланган ҳужжатни такомиллаштириш зарурати долзарб аҳамият касб этади.
Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболидан келиб чиқиб, икки давлат ва жаҳонда рўй бераётган воқеалар тўғрисида мунтазам ахборот алмашиш, шунингдек, турли лойиҳалар доирасида ҳамкорлик қилиш, ходимларнинг тажриба алмашишини йўлга қўйиш мақсадида «Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) билан «Синьхуа» ахборот агентлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим»нинг янги лойиҳаси тайёрланди.
Бугун Миллий ахборот агентлигида мазкур муҳим ҳужжатни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Битимни ЎзА томонидан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори Абдусаид Кўчимов, ХХР томонидан эса «Синьхуа» ахборот агентлигининг Москвадаги бюроси вакили Фань Вэйго имзолади.
Тадбирда, шунингдек «Синьхуа» агентлиги делегацияси – Тошкентдаги бош мухбири Цай Годун, Россия ва Ўзбекистондаги ваколатхоналар вакиллари, хитойлик оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этди.
Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА