Ўз тилига садоқат, бу – Ватаний ишдир...
Мамлакатимизда кейинги йилларда давлат тилининг нуфузи ва мақомини юксалтиришга қаратилган бир қатор фармон ва қарорлар, меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Бу эса жамиятда она тилига бўлган эъзознинг ҳуқуқий асоси таъминланганидан далолатдир.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро марказида Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 34 йиллик байрами кенг нишонланди.

Унда “Муносабат” кўрсатуви бошловчиси Қуддус Аъзам, профессор Раҳимбой Жуманиёзов ҳамда хонанда Шуҳрат Дарё иштирок этди.
Тадбир давомида давлат тилининг нуфузини юксалтириш борасидаги фармон ва қарорлар, меъёрий ҳужжатлар, ушбу йўналишда 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепция моҳияти борасида сўз борди.

Янги Ўзбекистонни ҳар томонлама тараққий эттириш, Учинчи юксалиш даври пойдеворини яратишга қаратилган тарихий ислоҳотлар, ўзбек тилини ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар барчанинг юрагидан жой олмоғи лозим. Бугунги кунда жаҳон миқёсида 50 миллионга яқин киши ўзбек тилида сўзлашиши қувонарли.

Хусусан, нотиқ Раҳимбой Жуманиёзов бугун ёшларимиз бир неча тилда бемалол сўзлаша олишлари ва бу ҳар қанча ҳавасга арзирли эканини эътироф этди. Сўзи давомида ХХ аср бошида яшаб ижод қилган, ўзбек, араб, форс, ҳинд, турк ва рус тилларидаги сўзларни ўз ичига олган бебаҳо луғат китобини яратган маърифатпарвар Исҳоқхон Ибратнинг қуйидаги иқтибосини келтирди. “Бизнинг ёшлар, албатта, бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат, бу – Ватаний ишдир”.

Савол жавоб тариқасида ўтган тадбир сўнгида хонандалар томонидан жонли ижрода куй-қўшиқлар янграб, йиғилганларга кўтаринки руҳ бахш этди.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА