Ўз ошёнинг – Ватан!
Озарбайжон пойтахти Бокуда бўлиб ўтган Бутунжаҳон урбанизация форуми 13-сессиясида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлади. Ушбу анжуманнинг аҳамиятини давлатимиз раҳбари шундай ифодалади:
– Кун тартибига қўйилган “Барча учун уй-жой: хавфсиз ва барқарор шаҳарлар ҳамда ҳамжамиятлар” масаласи бугун ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. Таҳлилларга кўра, XXI аср ўрталарига бориб, сайёрамиз аҳолисининг қарийб 70 фоизи шаҳарларда истиқомат қилади. Айни пайт урбанизация жараёни қатор ижтимоий муаммоларни ҳам кучайтирмоқда.
Президентимиз анъанага мувофиқ бир қатор аниқ ташаббусларни ҳам илгари сурди:
Биринчидан, барча ҳудудларда аҳоли учун тенг яшаш шароити яратиш кичик ва ўрта шаҳарларни уйғун ривожлантиришни талаб қилмоқда.
Шу сабабли ҳамкор давлатларни шаҳарларни ривожлантиришда “мутаносиб урбанизация” тамойилини кенг жорий этишга чақираман.
Иккинчидан, шаҳар бошқарувида сунъий интеллект ва рақамли трансформация имкониятидан барча давлатлар тенг фойдалана олиши зарур.
Ушбу соҳада технология, стандарт ва тажрибани тизимли алмашишга қаратилган халқаро “Ақлли ва хавфсиз шаҳарлар альянси”ни тузишни таклиф қиламан.
Учинчидан, ёшлар ва аҳолининг эҳтиёжманд қатламини сифатли ҳамда арзон уй-жой билан таъминлаш жуда муҳим.
Шу мақсадда келгуси йили Самарқанд шаҳрида уй-жой қурилишига молия ва инвестиция жалб этишга янгича ёндашувлар юзасидан халқаро форум ўтказишга тайёрмиз.
Тўртинчидан, глобал иқлим ўзгаришини инобатга олган ҳолда, “яшил шаҳарлар” барпо этишнинг умумий тамойиллари ва стандартини қабул қилиш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Шаҳарлар табиат билан уйғун ривожланишини рағбатлантириш мақсадида БМТ-Ҳабитатнинг “Яшил шаҳар” халқаро мукофотини таъсис этишни таклиф қиламан.
Бешинчидан, урбанизация даражаси ўсиши шаҳарлардаги ўзини ўзи бошқаришнинг анъанавий тузилмалари ролини янада оширмоқда.
Шу муносабат билан Бутунжаҳон урбанизация форуми 15-сессиясини 2030 йил Янги Тошкент шаҳрида ўтказиш ва анжуманнинг бош мавзусини “Шаҳарлар барқарор ривожланишида маҳалла институтининг ўрни” деб номлашни таклиф этаман.
Дарҳақиқат уй-жой масаласида мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар самараси юртимиз бўйлаб янги-янги уйлар барпо этилиши, шаҳарсозлик ривожланишида намоён.
Президентимиз Ўзбекистонда урбанизация стратегик йўналиш сифатида белгиланганини таъкидлаб, яқин йилларда мамлакат аҳолиси 50 миллионга яқинлашиши, урбанизация даражаси 65 фоизга етиши мумкинлигини қайд этди.
Сўнгги ўн йилда мамлакатимизда қурилаётган уй-жой ҳажми 10 карра ошган. Ўтган йил 238 000 хонадон қурилиши режалаштирилган бўлса, 2030 йилга келиб бу кўрсаткич 1,5 баробар оширилади. Арзон уй-жой дастурларига ҳар йили қарийб 2 миллиард доллар ажратилмоқда.
“Янги Тошкент” лойиҳасига ҳам алоҳида тўхталиб ўтган давлат раҳбари Икки миллион аҳолига мўлжалланган янги шаҳар “яшил”, “ақлли”, “хавфсиз” ва “15 дақиқали шаҳар” тамойиллари асосида қурилаётганини маълум қилди.
Озарбайжон форуми доирасида очилган халқаро кўргазмада ўзига хос миллий ранг ва жило касб этган Ўзбекистон бўлими кўпчиликда илиқ таассурот қолдирди.
Дунжа Ковари, Швейцариядаги шаҳарсозлик, дизайн ва архитектура агентлиги – SA Партнерс таъсисчи ҳамкори:
– Бир неча ҳафта олдин гўзал Ўзбекистонга ташриф буюриш шарафига муяссар бўлдик. Ҳозир эса Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон шаҳарсозлик форумидаги Ўзбекистон павильонида турибман. Айтишим керак, бу намойиш мамлакат барқарор ривожланишига, барчамиз учун муҳим вазифа ҳисобланган шаҳарлар трансформациясига ҳақиқатан катта ҳисса қўшиш салоҳияти, истаги ҳамда рағбатини кўрсатиб турибди.
Оқил Вализода, Бокудаги Давлат шаҳарсозлик ва архитектура қўмитаси вакили:
– Аввало, Ўзбекистондан ташриф буюрган биродарларимизга, бизни кузатиб бораётган барча ака-ука, опа-сингилларимизга салом йўллайман. Ҳозир Ўзбекистон стенди олдида турибман. Ҳаммаси ажойиб. Умуман, Бутунжаҳон шаҳарсозлик форуми 13-сессияси доирасида намойишга қўйилган тақдимотларга қизиқиш юқори. Мен ҳам кўплаб лойиҳалар билан танишдим. Жаноб Президент Шавкат Мирзиёев жуда сермазмун нутқ сўзладилар. Худо хоҳласа, 2030 йил Ўзбекистонда ўтказиш режалаштирилаётган худди шундай тадбирда иштирок этишни ният қилдим. Қардош мамлакат вакилларига ушбу гўзал тадбирдаги ажойиб иштирок учун яна бир бор миннатдорлик билдираман.
Ҳа, Ўзбекистон охирги 10 йилда шаҳарсозлик бўйича яхшигина тажриба тўплади. Демак, келажакда ҳар кимнинг ўз уйи, ошёни бўлади.
Абдуғафур Маматов, ЎзА