Ўз истеъдодларини маҳорат билан намоён этишди
Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги 8-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида “Сен истеъдодлисан” республика танловининг туман босқичи бўлиб ўтди. Тадбир инклюзив таълим синфларида ҳамда уй шароитида якка тартибда таълим олаётган ўқувчилар ўртасида ташкил этилди.
Тадбир давомида иштирокчилар қўшиқ, рақс, мусиқа ва бошқа йўналишларда ўз истеъдодларини намойиш этишди. Улар ҳар бир чиқишларида меҳр, ғайрат ва ишонч билан ўзларининг ижодий маҳоратларини намойи этишди.


Ҳакамлар ҳайъати эса иштирокчиларнинг тайёргарлиги, саҳнавий маданияти ва санъатга бўлган муносабатларини баҳолаб боришди.


Тадбир якунида ўз номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритган болажонлар диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланишди. Бу улар учун нафақат мукофот, балки келгусидаги ижодий изланишларига илҳом ва ишонч бағишлайдиган муҳим рағбат бўлди.

– Ушбу танлов иқтидорли болаларни аниқлаш ва рағбатлантириш, имконияти чекланган ўқувчиларни жамият ҳаётига фаол жалб этиш ҳамда уларнинг ўз имкониятларига бўлган ишончларини мустаҳкамлаш учун ўтказилди. Болажонларимиз буни аъло даражада уддалашди ва биз ўз олдимизга қўйган мақсадга эришдик деб ўйлайман, – деди Шароф Рашидов тумани мактабгача ва мактаб таълим бўлими бошлиғи Дилфуза Садриддинова.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА