Ойижон, дадамни жуда соғиндим!
Оғриқли нуқталар
Жавоҳир бу йил 7 ёшга тўлди. Биринчи синфга қадам қўйди. Аммо мактабга чиқиш қувончини ҳис қилмади. Сабаби, у мактабга боришни эмас, дадаси билан учрашишни интиқиб кутади. Онаси билан дадаси ажрашганига икки йил бўлди. Икки йил ичида дадасини бирор марта ҳам кўрмади. Бир куни онасидан дадам нега уйга келмаяпди, деб сўради.
– Даданг билан ажрашганман, энди унга сен ҳам, мен ҳам керак эмасмиз. Даданг ўзи учун яшайдиган, пул топмайдиган одам, ичувчи, – деди онаси овозини баландлатиб.
– Ичувчи дегани нима дегани? – сўради Жавоҳир.
– Алкаш, дегани, уйига ҳеч нарса олиб келмайди, дегани, – ўшқирди онаси.
Жавоҳир онасининг асабийлашиш сабабини тушунмади. Нега онаси ҳадеб дадасидан хафа бўлаверади, ахир, дадаси билан бирга яшаган пайтлари ҳар куни ишдан келаётиб Жавоҳирга ширинлик олиб келардику... Бу сўзларни онасига айтолмади, ичида пичирлаб, ўзига-ўзи гапирди.
Онасига қўшилиб холалари, қариндошлари дадасини ёмонламасин, барибир уларнинг фикрларига қўшилмайди. Уни яхши кўришдан, кутишдан бир дақиқа ҳам чарчамайди.
Жавоҳир мактабга чиққан куни онаси уни худди “куёв” йигитлардек чиройли кийинтириб, қўлидан етаклаб, мактабга олиб борди.
– Энди сен кап-катта йигитсан, дарсдан кейин уйга бориб, эшикни қулфлаб олиб ўтиргин. Ҳозир келган йўлимиздан тўғри уйга қайтасан, хўпми, мен ишга боришим керак.
Онаси елкасига сумкасини илиб, пошнали туфлисини тақиллатиб, шошганича мактаб ҳовлисидан елдек учиб чиқиб кетди. Жавоҳир онаси айтганидек, дарсдан сўнг уйга бориб, яхши бола бўлиб ўтирди.
Ҳафтанинг охирги куни ўртоқлари билан мактабдан қайтаётган Жавоҳир йўл четида кетаётиб рўпарасидан келаётган “Дамас” машинаси ичида дадасини кўриб қолди.
– “Дадам, мени дадам”, қичқирди Жавоҳир “Дамас” ортидан югуриб. Аммо машина елдек учдию кетди, дадаси уни кўрмади. Балки дадам мени кўргани келгандир, тополмасдан қайтиб кетгандир, шу ўй билан жадал-жадал юриб, иккинчи қаватга кўтарилди. Эшик қулфини очиб, уйга кирдию, хоналарда дадасининг изини кўрмади. Эрталаб уйдан қандай чиқиб кетган бўлса, ҳамма нарса ўшандай турибди. Дадасининг ҳар бир одатини Жавоҳир ёддан билади. Дадаси ишдан қайтгач, ҳар доим бошидаги кепкасини илгичга осиб, сўнг уйга бошяланг кирарди. Жавоҳир ҳозир ўша қадрдон кепкани жуда-жуда кўргиси келди, дадасининг бош кийимини соғинди. Хонасига кириб, бошини дераза ойнасига босиб, бироз турди. Бўғзига тиқилган аччиқ кўз ёши томоғидан отилиб чиқиб кетди. Хонасидаги ҳамма нарсаларни отиб, овозининг борича йиғлади.
– Жавоҳир, сенга нима бўлди, бақирма, қизимни ухлатолмаяпман, – деди балкон ойнасидан қўшни аёл.
Энди у бармоқчалари билан оғзини беркитиб, ўксиб-ўксиб йиғлади, мактаб формаларини ҳам ечмасдан ухлаб қолди.
Шу кундан эътиборан ҳар куни у дадасини худди ўша кўчада, ўша пайтда “Дамас” машинасида ўтишини кутадиган бўлди. Жавоҳир дадаси уни кўргани келишини билади, албатта келади...
Жавоҳирнинг бугунги ҳолати, ҳаёти, тақдири ҳақидаги бу воқеа бадиий тўқима эмас. Бу воқеалар юртимизда ота-онасининг ажрими туфайли тирик етимлик азобини тортаётган минглаб болаларнинг аччиқ қисмати. Жавоҳирга ўхшаш болалар, қизлар бугун менинг, сизнинг маҳалламизда, қишлоғимизда, қариндош-уруғларимиз орасида яшаяпди. Уларнинг айби бесабр, тажанг, ҳеч нарсага шукр қилмайдиган, фақат мени айтганим бўлади, дейдиган оналар, фикру хаёлини ичкилик эгаллаган, масъулиятсиз оталарнинг бағрида дунёга келганида.
Афсуски, биз бундай болаларнинг қалбига қулоқ тутмаймиз, юрагидаги нидоларини эшитмаймиз. Биз уларни ота-оналарининг ажримига гувоҳ бўлиб яшашга ўрганиб қолганмиз. Ажрашиш-деган сўз бугун биз учун одатий ҳолга, таъбир жоиз бўлса “мода” га айланди. Бугун аёл эрининг озгина камчилиги, хатоси учун осонгина ундан воз кечишга, арзу ҳол қилиб, суд идорасига боришга тайёр. Бугун баъзи эркаклар “сен бўлмасанг бошқаси”, деган қўшиққа амал қилиб яшашни одат тусига айлантиришди.
Жорий йилнинг ҳар чорагида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан ўтказилган оилавий ажримларга бағишланган давра суҳбатлари, матбуот анжуманларида иштирок этдим. Вазирликдан олинган ажримлар билан боғлиқ энг сўнгги маълумотга бир кўз югуртириб ўтинг-а. 2021 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда деярли 20 минг оила ажрашган. Нима ҳам дердик, эр хотин бир-бирига тоқат қилолмай ажрашгандир, аммо нега ажримдан сўнг оталар ўз боласига юзини кўрсатмай қўяди. Ҳа, тўғри топдингиз, бунга аёллар ҳам айбдор, демоқчисизда. Кўпинча болалар онасидан дадасини кўришни истаётганини сўрашса: “ Ҳадеб дадалайверма, оти ўчсин, унут ўша отангни, турқиниям кўришни истамайман”, дея боласига тақиб қўйишади. Ахир, бу бола учун отани сиз танладингизку, бир пайтлар шу эркакни севганингиз, унга ҳаётингизни бағишлаганингиз дарров ёдингиздан кўтарилдими? Болада нима айб, дейдиган одам топилмайди шу пайтда.
Оилавий ажримлар фақат бизда эмас, бутун дунёдаги муаммо. Европада бу кўрсаткич йилдан-йилга ўсиб боряпди. Аммо у ердаги ота-оналар ажримдан сўнг боласига юзини тескари қилиб олмайди. Керак бўлса, ҳар куни ота фарзандларини кўргани боради. Собиқ хотинининг вақти бўлмаса, ўғли ёки қизини боғча, мактабдан олиб келиб қўяди. Улар бир-бирлари билан ажрашган, болалари билан эмас. Улар ўзларининг хатоси, камчилиги учун фарзандларини жазога маҳкум қилишмайди. Улар шунчаки бир-бири билан яшашга келишолмай қолгани учун ажрашади. Ажримни ҳам тинч йўл билан ҳал этишади. Шунинг учун болалари ҳам ота-онасининг ажримидан фожеага тушмайди.
Бизда бунинг акси, эркак хотини билан ажрашдими, тамом болаларини ҳам унутади. Уни ўз жигаргўшаларини унутишига энг биринчи навбатда болаларнинг бувиси-ю бобоси ёрдам беради. “Ўша хотининг тарбиялаган болалар ким бўларди, унут ўшаларни. Бошқа хотин олиб бераман. Уларданам шириндан-шакар болалар туғиб беради”, дейди эркакнинг онаси. “Э, латтачайнар бўлмай, тезроқ бошқасига уйлан, ўша хотинингниям, болалариниям унутасан”, дея маслаҳат беради эркакнинг отаси, болаларнинг бобоси. Аммаю холалар, тоғаю-амакилар ҳам унга оиласини унутишига ёрдамлашиб юборишади. Онасининг маҳрига тушган болаларнинг ҳаёти ҳеч кимни қизиқтирмайди, ҳеч кимни. Болалар эса дадасини соғиниб, жуда-жуда соғиниб яшайверишади. Уларни унутган дадасини соғинаверади, соғинаверади...
Нигора Раҳмонова, ЎзА