Овули, эли, суви, тили ва дини бир халқмиз
Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган воқеалар ҳаммамизни ташвишга солди.
Кўнгилни хира қиладиган ушбу жараёнлар эт билан тирноқ бўлган ўзбек ва қорақалпоқ элининг азалий қон-қардошлигига рахна сололмаслиги, биз бир Ватан, бир давлат фуқаролари сифатида жонажон Ўзбекистонимиз учун янада бирлашиб, якдил бўлиб ҳаракат қилишимиз зарурлигини намоён қилди.
Азалдан бир дарёдан сув ичган, асрлар давомида бир тану бир жон бўлиб яшаб келаётган ўзбек ва қорақалпоқ оға-инилар орасига совуқчилик уруғини сепмоқчи бўлган ғаламизлар бир ҳақиқатни яхши англаши, бу халқларнинг овули, эли, суви, тили, дини ва маслаги бир эканлигини эсдан чиқармасликлари керак.
Уларнинг тинч ва фаровон ҳаёти, осойишта ва сокин умргузаронлигига ҳеч қайси куч тўсқинлик қила олмайди. Буюк шоиримиз Бердақ таъкидлаганидек,
Оқ буғдойи туриб, сули сепкандан,
Тоза шоли туриб, курмак эккандан,
Жўнсиз қирқ кун қайғу-ҳасрат чеккандан,
Тан соғликда бир кун шодлик яхшироқ.
Буюк шоир ёзганидек, биз бугун ҳар қачонгидан ҳам бир тану бир жон бўлиб, бир-биримизга елкадош бўлиб, тинчлигимиз, осойишталигимизни асраб-авайлашимиз зарур.
Зеро, тинчлик азалдан улуғ неъмат ҳисобланган. Айниқса, ўзбек ва қорақалпоқ халқлари учун бу неъматнинг қадри ғоят каттадир. Шундай экан, бундай таҳликали вазиятларда огоҳликни қўлдан бой бермаслигимиз шарт.
Бир ўйлаб қарайлик, ахир шундай жаннатмакон юртимизни биз асрамасак, бошқа киши четдан келиб ёрдам бермайди. Агар шундай бўлса ҳам, таг замирида албатта, бирон манфаат ётади. Демак, биз ўз муаммоларимизни ўзимиз ҳал этишимиз керак!
Шу мақсадда давлатимиз раҳбари қардош Қорақалпоқда кечган тартибсизликларни тезлик билан бартараф этиш ҳамда у ерда аввалгидек осуда ҳаётни қайтариш учун Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди ва Нукус туманидаги “Саманбай” овул фуқаролар йиғинига бориб, ёшуллилар, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари билан учрашди. Президентимиз содир бўлган ташвишли воқеаларни бутун халқ чуқур дард ва изтироб билан қабул қилгани, бу синовни оғир-босиқлик, аҳиллик билан ортда қолдириш кераклигини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, айни вақтда юртимизда кечаётган сиёсий жараён бўлмиш, Бош қомусимизга киритилаётган ўзгартиришларнинг адолатли бўлишини таъминлаш мақсадида Юртбошимиз, - Конституцион ислоҳот фақат халқнинг эртанги кунини яхши қилиш учун. Агар қорақалпоқ халқи норози бўлса, биронта модда ўзгармайди ҳеч қачон. Шунинг учун ҳар бир депутат ўзларининг таклифларини яна бир марта айтса, 70, 71, 72, 74, 75-моддаларга биронта ўзгартириш киритилмайди”, – деган қатьий фикрларининг ўзиёқ энг аввало, тинчлик ҳамма нарсадан устун эканлигининг исботидир.
Тўғри бу ҳодисалар катта-кичикнинг бирдай ташвишланишига, таъбир жоиз бўлса хавотирига сабаб бўлди. Бироқ ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар эвазига юртимизда яна осойишталик ҳукм сурмоқда.
Аммо танганинг иккинчи томони ҳам бор. Яъни қонунчилигимизда инсонларга хавф соладиган, давлатнинг одилона сиёсатига қарши битта ҳаракат ҳам жазодан холи эмас. Бу борада Президент Ш.Мирзиёевнинг “Мен барибир, қандай оғир бўлмасин, қонун устуворлигини, жазо муқаррарлигини таъминлайман. Шуни ҳамма билиши керак. Менга тинчлик керак. Бир нарсани билинглар - давлатнинг кучи ҳам бор, қудрати ҳам бор, имконияти ҳам бор”, – деган сўзлари юрт кишиларининг кўнглига таскин бўлди, ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлади.
Шу ўринда, жонкуяр спорт мураббийлари, фахрийларимиз, юрт байроғини юксакларга кўтараётган чемпионларимиз, мамлакатимизда соғлом, жисмонан ва маънан баркамол фарзандларни тарбиялаётган профессор-ўқитувчиларимиз ҳам ўзбек халқи билан мақсадлари муштарак бўлган Қорақалпоқ элидаги нотинч вазиятнинг ўз ўрнига тушиши, жамоатчилик ўртасида турли салбий фикрлар юзага келмасдан олдин бирлашишга, ҳам фикр бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб, ҳаракат қилишда бефарқ бўлмасликларини сўраб қолардим.
Бир сўз билан айтганда, жаҳонга бўй тутаётган Янги Ўзбекистонни барпо этишда барча имкониятларни ишга солишимиз, давлатимизда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари билан дўстлик алоқаларини доимий мустаҳкамлаб боришимиз, шу қаторда,ёшларга тўғри йўл кўрсатиб, уларнинг илм-фанда ҳам, спорт соҳасида ҳам етакчи бўлишига кўмаклашишимиз зарур. Зеро, ёшлар Ватанимизнинг энг асосий куч-манбаи, таянч ва қудратидир.
Маҳмуджон БОЛТАБОЕВ,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори, профессор
ЎзА