Овул янада чирой очмоқда
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Конимех туманининг олис ва чегараолди ҳудуди ҳисобланган “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” – “Боймурод” овул фуқаролар йиғинида 11- умумий ўрта таълим мактабининг қўшимча 120 ўринли янгидан қурилган замонавий биноси фойдаланишга топширилди.
Туманнинг чекка овулларида ҳам аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, инфратузилмани ривожлантириш ва ҳудудни обод масканга айлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда овул фуқаролар йиғинида 2 843 нафар аҳоли истиқомат қилади.
Ҳудудда 3 та янги мактаб барпо этилмоқда. 20 километрга яқин йўл асфальтлаштирилмоқда, 2 километр янги электр тармоқлари тортилиб, 2 та трансформатор ўрнатилмоқда. Ёшлар учун усти ёпиқ, сунъий қопламали стадион қурилиб, фойдаланишга топширилди. 25- мактабда эса янги спорт зали барпо этилмоқда. Ҳар бир овулда қудуқлар қазилиб, овулларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
Аҳолини энергия ресурслари билан таъминлаш мақсадида суюлтирилган газ етказиб бериш йўлга қўйилиб, хонадонлар учун қўшимча қулайликлар яратилмоқда.
Бу бунёдкорлик ишлари, аввало, олис ва чегараолди ҳудудда яшаётган аҳолининг кундалик ҳаётини яхшилаш, фарзандлар таълими ва ёшлар учун имкониятларни кенгайтиришга қаратилган.
Истиқлол байрами муносабати билан “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз” шиори остида овулда байрам концерти дастури ташкил этилди.
Туман маданият бўлими жамоаси ҳамда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Махсет Утемуратов томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар йиғилганларга байрамона кайфият улашди.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири